Афғонистонда олиб келинган катта миқдордаги наркотик моддалар тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда ДХХ матбуот котиби Даракчи.узга хабар берди.
Маълум қилинишича, Афғонистон Республикасидан контрабанда йўли билан Сурхондарё вилояти ҳудудига олиб ўтилган 9 кг 896 гр “гашиш” моддасини қабул қилиб олган вақтларида Марғилонда яшовчи хусусий тадбиркор қўлга олинган.
Шунингдек, воқеа жойидан қочишга уринган хусусий тадбиркорнинг ёнида бўлган 14 минг 500 АҚШ доллари ва 6 млн. 250 минг сўм ҳам процессуал тартибда расмийлаштириб олинган
Ҳудди шундай, давлат хавфсизлик хизмати органлари ходимлари томонидан яна бир тезкор тадбир ўтказилганда Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида яшовчи икки нафар фуқаро мўмай даромад топиш мақсадида афғонистонлик наркосавдогарларга катта миқдордаги гиёҳвандлик воситасини буюртма беришган.
Тўрткўл ва Хазорасплик мазкур шахслар хуфия жойдан 6 кг 149 гр “опий” моддасини ва 9 кг 814 гр кўкнори сомонини олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан Жиноят Кодексининг 246 ва 273-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари доирасида уларнинг жиноий алоқаларини аниқлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.