АсосийДунё

Тўқаев: Ядровий фалокат эҳтимоли сўнгги ўн йилликларда энг юқори даражага етган

Қозоғистон Президенти ядровий можаро хавфи ва иқлим таҳдидларига жиддий эътибор қаратди.

'Тўқаев: Ядровий фалокат эҳтимоли сўнгги ўн йилликларда энг юқори даражага етган'ning rasmi

Бугун, 17 сентябрь куни Остона шаҳрида бўлиб ўтаётган VIII Жаҳон ва анъанавий динлар етакчилари қурултойида Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев глобал хавфсизлик ва экологик таҳдидлар ҳақида кескин баёнот берди.

У ядровий фалокат эҳтимоли бугунги кунда мутахассислар томонидан энг юқори даражада баҳоланаётганини таъкидлади.

Тўқаевга кўра, геосиёсий қарама-қаршиликлар кучайиб бораётган бир пайтда, халқаро майдонда ишонч ва мулоқотни мустаҳкамловчи конструктив дипломатия ҳал қилувчи роль ўйнаши керак.

Шунингдек, у диний етакчиларни глобал барқарорликни сақлашда фаол бўлишга чақирди.

Президент, шунингдек, иқлим ўзгаришлари айниқса Марказий Осиёда кескин кечаётганини, қурғоқчилик ва ичимлик суви танқислиги каби муаммолар кучайиб бораётганини қайд этди. Унинг айтишича, бу ҳолат фақат илмий ёки иқтисодий эмас, балки ахлоқий синовдир.

Тўқаев иқлим таҳдидларига қарши курашда диний қадриятларга асосланган қўшма ҳужжат ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурди ва бу ҳужжатда заиф ҳудудларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилиши кераклигини билдирди.

    Бошқа янгиликлар