Жорий йилнинг 13 сентябрь куни Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукуматининг мудофаа вазирлиги махфий ҳужжат тайёрлаган бўлиб, у мудофаа вазири Муҳаммад Ёқуб Мужоҳид томонидан имзоланган. Ҳужжат нозик масалага – “Толибон” ва Хитой ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликка бағишланган. Бу ҳақда “Независимая газета” хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳужжат Ёқуб томонидан “Толибон” армиясининг “ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари қўмондонлигига” йўлланган ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими учун “радиолокация тизимига оид профессионал кадрларни тайёрлаш” вазифасига қаратилган.
“Мудофаа вазирлиги раҳбарияти қарори ва режасига мувофиқ радиолокация тизимлари соҳасида касбий тайёргарликдан ўтиш ва малакасини ошириш учун 22 кишини Хитой Халқ Республикасига юборишга қарор қилинди”, дея ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари қўмондонлигини хабардор қилади мудофаа вазири.
Мудофаа вазири ,у масала юзасидан кўрсатилган давлат, яъни Хитой ҳукумати билан ҳам келишувга эришилганини қайд этган. Шу муносабат билан ҳарбий идора раҳбари “Толибон” армиясининг ҳаво ҳужумидан мудофаа бошқармасига “лаёқатли, садоқатли ва малакали шахсларни танлаб олиш, уларни тасдиқлаш ва тўлиқ таржимаи ҳолларини юборишни ҳамда уларнинг сафарини ташкил этиш учун мудофаа вазирлиги ташқи алоқалар дирекциясига топширишни” буюрган.
Ушбу ҳужжат нусхаси, шунингдек, Ёқуб томонидан “Толибон”нинг стратегик разведка бошқармасига ҳам юборилган. Тахминларга кўра, айнан шу бошқарма курсантларни саралаш ва уларни Хитойга юбориш жараёнини, шунингдек, уларнинг Хитойдаги фаолиятини назорат қилади. Бунга, жумладан, ҳаво ҳужумидан мудофаа соҳасидаги мутахассисларнинг Хитой махсус хизматлари томонидан ёлланиши эҳтимоли ҳам киради.