АсосийЖамият

Ўзбекистонда чиройли рақамларни аукционда сотиш тўхтатилади

Танланган рақам ягона оширилган тўлов эвазига берилади, унинг миқдори эса 2025 йил 1 октябрдан бошлаб, “Узавтомотобелги” давлат унитар корхонаси томонидан белгиланади.

'Ўзбекистонда чиройли рақамларни аукционда сотиш тўхтатилади'ning rasmi

2026 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда транспорт воситалари учун чиройли давлат рақами белгиларини аукцион орқали сотиш тартиби бекор қилинади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг 4 сентябрь куни қабул қилинган “Автомототранспорт воситалари учун рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш тартибини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида сўз боради.

Маълум қилинишича, фуқаролар учун аукцион савдоларида иштирок этиш тартиби мураккаб ва кўп вақт талаб этиши, айрим тоифадаги давлат рақами белгилари учун бошланғич нархлар юқорилиги кенг аҳоли қатлами учун бундай рақамларни сотиб олиш имкониятини чекламоқда.

2026 йил 1 январдан бошлаб, Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси (ЎзРТХБ) тизимида ҳар қандай рақам белгиларини сотиш бўйича аукционлар, шунингдек, харидоргир рақамларни оширилган ставкаларда бериш тартиби бекор қилинади.

Янги тартибга кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб жисмоний ва юридик шахслар тўғридан-тўғри электрон мурожаат асосида онлайн режимда узлуксиз равишда янгиланиб турадиган ягона очиқ маълумотлар базасида бўш турган исталган ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган давлат рақами белгиларини танлаб олиши мумкин бўлади.

Танланган рақам ягона оширилган тўлов эвазига берилади, унинг миқдори эса 2025 йил 1 октябрдан бошлаб, “Узавтомотобелги” давлат унитар корхонаси томонидан белгиланади. ЎзРТХБ 2025 йил 1 октябрдан бошлаб чиройли давлат рақами белгиларининг аукцион савдоларини тўхтатади.

Аукционда сотиб бўлинмаган ёки ишлаб чиқарилиб, сотилмаган харидоргир 1 дан 3-тоифагача бўлган авторақамлар “Узавтомотобелги” янгиланган ягона оширилган тўлов эвазига, 4−6-тоифадагилари эса харидоргир ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлмаган давлат рақами белгиларини беришнинг амалдаги тартибида берилади.

    Бошқа янгиликлар