ДХХ ахборот хизматининг маълум қилишича, Наманган шаҳрида яшовчи, муқаддам судланган шахс эски одатини қўмсаб, Қирғиз Республикасидан кучли таъсир қилувчи дори воситаларини олиб келиб сотиш орқали мўмай даромад топишни режа қилади.
Бу мақсадда у қирғизистонлик танишига алоқага чиқиб, катта партиядаги дори воситаларини етказиб беришини сўрайди.
Ўз навбатида Қирғиз Республикаси фуқароси 16755 дона “Регапен” номли кучли таъсир қилувчи дори воситаларини айланма йўллар орқали Косонсой туманига олиб келиб, хуфия жойга қолдиради.
Наманганлик шахс эса ушбу дори воситаларини Косонсой туманидан Наманган шаҳрига келтириб бериши учун ўзининг ҳамшаҳарига 500 минг сўм ваъда қилади.
Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят Ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда куръер дори воситаларини хуфия жойдан олиб кетаётган вақтида ушланди. Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, буюртмачи ҳам процессуал тартибда қўлга олинди.
Ҳозирда ушбу 2 нафар фуқарога нисбатан Жиноят Кодексининг 246-моддаси 1-қисми ва 251-1-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.
Фарғона вилоятида қайд этилган ҳолатда эса Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар ва Божхона органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Қўқон шаҳрида яшовчи, 1980 й.т., муқаддам Жиноят Кодексининг 246 ва 273-моддаларида назарда тутилган жиноятни содир қилган шахс ўзининг “Трекер 2” русумли автомашинасида “Фарғона–Қўқон” йўналишида ҳаракатланаётган вақтида тўхтатилди.
Автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг юкхонасида 11200 дона “Регапен” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги маълум бўлди.
Терговга қадар текширув давомида, ушбу дори воситалари Қирғиз Республикасидан айланма йўллар орқали олиб келинганлиги аниқланди. Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 28,246-моддаси 1-қисми ва 251-1-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.