Хитойнинг Каiwa Technology компанияси ўн ой давомида ҳомилани кўтариб юриши ва чақалоқ туғилишига мўлжалланган дунёдаги биринчи одамсимон робот прототипини жамоатчиликка тақдим этди. Бу ҳақда Interesting Engineering нашри маълумот берди.
Лойиҳанинг асосини амниотик суюқлик билан тўлдирилган сунъий бачадон модули ташкил этади. Мазкур инноватив тизимда эмбрион ривожланиши ва табиий ҳомиладорлик жараёнига тақлид қилиниши кўзда тутилган. Шу орқали махсус шланг ёрдамида озуқа моддалари роботга узатилади ва ҳомила ўсиши таъминланади.
Компания асосчиси ва бош директори доктор Чжан таъкидлашича, қурилма ҳайвонларда синовдан муваффақиятли ўтган. Унга кўра, бу робот 2026 йилда бозорда тақрибан 100 минг юан (тахминан 14 минг доллар) нархда сотувга чиқиши кутилмоқда. Янги технология фарзанд кўришни истаган, аммо табиий ҳомиладорликдан воз кечишга мажбур бўлаётган ёшлар, фарзанд кўриш имкониятидан маҳрум оилалар ва ҳатто ёлғиз шахслар учун мўлжалланган.
Мазкур янгилик Хитой ижтимоий тармоқларида катта муҳокамаларга сабаб бўлди. "Дунёдаги биринчи ҳомиладор робот" сўрови Wеибо қидирув тизимида етакчи ўринга чиқди. Фикрлар эса иккига бўлинди: танқидчилар буни "шафқатсиз", "ахлоқий меъёрларга зид" деб баҳоласа, тарафдорлар технологияни аёлларни ҳомиладорликнинг оғир жисмоний қийинчиликларидан асрайдиган замонавий йўл сифатида қабул қилмоқда.
Шуни инобатга олиш керакки, 2020 йилга келиб Хитойда бепуштлик даражаси 18 фоизга етган, шунингдек, мамлакатда суррогат оналик қонуний жиҳатдан тақиқланган. Шу боис, бундай технологияга талаб жуда юқори бўлиши кутилмоқда, деб ёзади Interesting Engineering. Тармоқ фойдаланувчиларининг кўпчилиги робот орқали фарзанд кўриш орзусини рўёбга чиқара олишидан умидворлигини билдирмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Kaiwa Technologyʼнинг бу прототипи нафақат технологик янгилик сифатида, балки оила қуриш ва авлод давомийлиги ҳақидаги тасаввурларга ҳам катта таъсир кўрсатиши мумкин.