АсосийДунё

Пекинда кучли сув тошқинлари оқибатида 30 киши ҳалок бўлди

80 минг аҳоли хавфсиз жойларга эвакуация қилинди.

'Пекинда кучли сув тошқинлари оқибатида 30 киши ҳалок бўлди'ning rasmi

Хитой пойтахти Пекин ва унга туташ ҳудудларда ёғган кучли ёмғирлар ва тошқинлар 30 дан ортиқ одамнинг умрига зомин бўлди. 80 минг аҳоли хавфсиз жойларга эвакуация қилинди. Бу ҳақда Хитой маҳаллий нашрларига таяниб The Guardian хабар берди.

Маълум қилинишича, 29 июль куни тунги соат 00:00 га келиб Пекиннинг Миюнь провинциясида 28, Янчин провинциясида 2 киши ҳалок бўлган. Хебей провинциясида эса кўчкилар туфайли 4 киши қурбон бўлиб, 8 нафари бедарак йўқолган.

Хитойда дам олиш кунларидан бошлаб ёмғир кучайиб, айниқса, 28 июль куни Пекин ва атрофидаги ҳудудларда 543 миллиметргача ёғингарчилик кузатилди. Бу вақт ичида 80 мингдан ортиқ одам хавфсиз жойларга эвакуация қилинди. 136 та қишлоқ электр таъминотисиз қолгани айтилмоқда.

Пекин раҳбарияти ёмғир ва сув тошқинлари юзасидан энг юқори даражадаги огоҳлантириш эълон қилган. Одамларга уйдан чиқмаслик тавсия қилинмоқда. Хитой раҳбари Си Цзиньпин ҳалокатли оқибатларни камайтириш учун барча кучларни қутқарув ишларига сафарбар қилишни буюрган. Бош вазир Ли Сян эса Миюнь провинциясида жиддий талафотлар борлигини таъкидлаган.

Миюндаги сув омборида сув тўлиб тошган — бу 1959 йилдан бери кузатилган илк ҳолатдир. Расмийлар дарё бўйларида жойлашган аҳолини эҳтиёткорликка чақирган, чунки яна ёмғир ёғиши кутилмоқда.

Миюнь провинциясида сув машиналарни оқизиб кетмоқда, электр устунлари эса қулаб тушган. Пекин марказидан 100 км узоқликдаги Тайшитун шаҳарчасида кўчалар сув билан тўлган, деворлар эса лой билан қопланган.

“Ҳаммаси бир зумда содир бўлди. Ҳаммаёқ сув билан тўлиб тошди”, деди маҳаллий дўкон эгаси Жуан Чжелин.

Шаҳар раҳбарияти барча мактаблар, қурилиш майдончалари ва сайёҳлик фаолиятини вақтинча тўхтатган. Жуда шиддатли ёмғир 29 июль куни эрта тонгда кутилаётгани, баъзи жойларда 30 см гача ёғингарчилик бўлиши айтилган.

    Бошқа янгиликлар