10 июль 2025 йил энг қисқа кун бўлди — у одатий 24 соатдан 1,36 миллисекундга кам давом этди. Олимлар бу ҳолат технологик тизимлар, хусусан, компьютерлар ва сунъий йўлдошлар учун хавф туғдириши мумкинлигидан хавотирда.
1955 йилдан бери атом соатлари ёрдамида вақт аниқ ўлчанади. Илгари Ер айланиши секинроқ бўлгани сабабли 1972 йилдан бошлаб UTC вақтига 27 марта қўшимча сония қўшилган. Аммо энди олимлар биринчи бор бунинг акси — 1 сонияни олиб ташлаш эҳтимолини муҳокама қилишмоқда.
Ушбу ҳолат Ернинг табиий ҳаракатлари, Ой таъсири, мавсумий омиллар ҳамда глобал исиш билан боғлиқ. Агар музликлар эриши бўлмаганида, эҳтимол, бу ўзгаришлар аллақачон рўй берарди, дея таъкидлайди мутахассислар.