АсосийДунё

Дунёнинг энг кекса Президенти яна президент бўла оладими?

Камеруннинг 92 ёшли президенти Пол Бийя 1982 йилдан бери мамлакатда президентлик қилади.

'Дунёнинг энг кекса Президенти яна президент бўла оладими?'ning rasmi

Камерун Президенти Пол Бийя сайловларда иштирок этишини эълон қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари ўзининг Х саҳифасида ёзди.

У ижтимоий тармоқ саҳифасидаги постида ватанга хизмат қилишни давом эттиришга тайёрлигини таъкидлаб, мамлакат олдида турган вазифаларнинг жиддийлигини қайд этди. 92 ёшли Бийя 1982 йилдан бери президентлик қилади.

Камерунда президентлик сайловлари 2025 йил 12 октябрга белгиланган ва бир турда ўтказилади. Оддий кўпчилик овоз олган номзод ғалаба қозонади. Президентлик муддати 7 йил.

2008 йилда Бийя президентлик муддатини чеклашни олиб ташлади, бу эса унга чексиз муддатга ўз номзодини қўйиш имконини берди. У 2018 йилда бўлиб ўтган сўнгги сайловларда мухолифатнинг кенг тарқалган қонунбузарликлар ҳақидаги даъволарига қарамай, 71,28 фоиз овоз билан ғалаба қозонган эди.

 Аммо ҳукмрон CPDM партияси аъзолари Бийяни 2024 йилдан бери яна сайловда қатнашишга чақирмоқда. Шу билан бирга, мухолифат ва айрим фуқаролик жамияти вакиллари унинг узоқ давом этган бошқаруви мамлакат тараққиётини орқага сураётганига ишора қилмоқда. Икки собиқ иттифоқчи аллақачон ҳукмрон коалицияни тарк этган ва сайловларда мустақил номзод сифатида иштирок этишни режалаштирган.

Бийянинг ўтмишдоши, Камеруннинг биринчи президенти бўлган Аҳмадоу Бабатур Аҳиджо 1982 йилда соғлиғи сабабли истеъфога чиққанди. У 1960 йилдан бери 22 йил давомида лавозимда эди.

    Бошқа янгиликлар