Тожикистон ва Қозоғистонда ҳайвонларнинг куйдирги билан касалланиш ҳолатлари кўпайган. Касаллик Ўзбекистонга кириб келишининг олдини олиш учун чегараларда текширув ўтказилади. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси бўлим бошлиғи Фарҳод Қурбонбеков маълум қилди.
Фарҳод Қурбонбековнинг айтишича, республикада касалликнинг олдини олиш учун гумон қилинган ҳолатлар юзага келганда ташхислаш, даволаш учун барча шароитлар яратилган. Бундан ташқари, касаллик ўчоқларида тупроқдан намуналар олиб, лаборатория шароитида доимий назорат жорий этилади.
“Касаллик мамлакат ҳудудига кириб келишининг олдини олиш мақсадида 55 та чегара пунктидан ўтувчилар чуқур текширувдан ўтказилади. Пунктларда инфекция тарқалишининг олдини олиш учун ўтказилиши зарур бўлган чора-тадбирлар ишлаб чиқилган”, деган мутахассис.
Куйдирги (Сибир яраси) – Баcиллус антҳраcис бактерияси сабабли юзага келади. Хавфли инфекция асосан ҳайвонлардан юқади ва ўта юқумли касалликлар гуруҳига киради.
Организм инфекция билан заҳарлангач, безгак тутади, тери, ўпка ва ичаклар зарарланади. Куйдирги билан барча турдаги ҳайвонлар ҳамда одамлар касалланиши мумкин. Одамларга касаллик кўпроқ куйдирги касаллигига чалинган ҳайвонлардан юқади. Касал ҳайвонни парваришлаш, сўйиш, яхши термик ишлов бермасдан истеъмол қилиш инфекция юқишига олиб келади.
Куйдирги касаллиги аксарият ҳолларда тери шаклида учрайди. Бунда бемор тиббий муолажалар олиб, асорациз соғаяди. Касалликнинг септик, ичак ва ўпка шакллари ҳам мавжуд бўлиб, жуда оғир кечади ва одатда ўлим билан тугайди.