Ўзбекистонда IELTS имтиҳонини қоғозда топшириш даври ниҳоясига етди. 11 июлдан бошлаб барча тестлар фақат компьютерда ўтказилади. Бу ҳақда ИДП тест маркази расмий хабар берди.
10 июль куни бўлиб ўтадиган IELTS — қоғозли шаклда ўтказиладиган сўнгги имтиҳон бўлади. Бу ўзгариш ИДП, British Council ва Cambridge University Press & Assessmentтомонидан ўтказиладиган барча имтиҳонларга тегишли.
Қоғозли шаклнинг бекор қилиниши оператив ва хавфсизлик сабаблари билан изоҳланмоқда. Сўнгги ойларда айрим имтиҳонларнинг жавоблари тестдан олдин тарқаб кетгани ҳақида хабарлар чиққан эди. Хусусан, 7 июнь куни ўтказилган имтиҳон жавоблари кечикиб 24 июнда эълон қилинган.
Шу сабаб, Edu-Action Exams маркази рўйхатдан ўтган абитуриентларга иккита имкониятни таклиф қилмоқда:
1. IELTSни компьютер шаклида топшириш (бепул ўтказилади);
2. Тўловни тўлиқ қайтариб олиш.
Маълумот учун, ҳар йили дунё бўйича 4 миллиондан ортиқ инсон IELTS топширади. Бу тест олий таълим, миграция ва ишга жойлашишда халқаро эътирофга эга бўлган энг ишончли тизимлардан бири ҳисобланади.