Москва вилоятидаги Озарбайжон диаспораси раҳбари Россия фуқаролигидан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Охu. Аz нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, Элшан Иброҳимов яшаш жойидаги полиция идорасига чақирилиб, унинг Россия паспорти олиб қўйилган. Бу маълумотни Москва вилоятидаги Озарбайжонларнинг минтақавий миллий-маданий мухторияти раҳбари телефон орқали тасдиқлаган.
Қарор нима билан боғлиқлиги ҳақидаги саволга Иброҳимов жавоб бермаган, лекин бир неча кундан кейин, она юрти Озарбайжонга боргач, изоҳ беришини билдирган.
РБК манбасига кўра, Иброҳимов 18 июнь куни “Россия Федерацияси миллий хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳаракатлар” содир этганлик айблови билан фуқароликдан маҳрум қилинган.
Бундан ташқари, Оренбург суди озарбайжонлик “криминал авторитет” Заур Нахичеванскийни (Шипиловни) камида икки ойга қамоққа олишга қарор қилди, деб хабар бермоқда маҳаллий Оренбург Медиа нашри. Унга нисбатан Россия Жиноят Кодексининг 210.1-моддаси – жиноят иерархиясида энг юқори мавқени эгаллаш бўйича айблов қўйилган.
Нахичеванский 1985 йилда Оренбургда туғилган, у Россия фуқароси. Нашрнинг ёзишича, унинг отаси – озарбайжонлик “криминал авторитет” Байрам Талибов 2006 йилда Москвада ўлдирилган.