АсосийЖиноят

“Имтиёзли кредит” ниқоби ортидаги фирибгарлик фош этилди

Фирибгар фуқародан 1000 доллар олаётганда ушланди.

'“Имтиёзли кредит” ниқоби ортидаги фирибгарлик фош этилди'ning rasmi

Андижонда 300 миллион сўмлик имтиёзли кредитни расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, эвазига 1000 доллар олаётган фуқаролар қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ёзмоқда.

Маълумотларга кўра, Андижон шаҳрида яшовчи, илгари судланган М.Т. ва Х.А. исмли шахслар фуқаро Д.М.нинг ишончига кирган. Улар ўзларини ҳудудий тижорат банкида юқори лавозимда ишловчи танишлари борлиги билан таништирган ва унга 300 миллион сўм имтиёзли кредит олиб беришни ваъда қилган.

Аммо пулнинг ҳиди келганда, ният ҳам фош бўлди: улар 1000 доллар олаётган вақтида ушланади.

Худди шундай яна бир ҳолат Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида рўй берди. Фуқаро Т.Э. исмли шахс Н.А. исмли бошқа бир фуқаронинг ишончига киради. Унга Олмалиқ шаҳридаги тижорат банкларидан биридан 150 миллион сўмлик имтиёзли кредит олиб беришини айтади. Бу “хизмат”и учун 1100 доллар талаб қилади. Натижа эса бир хил – у ҳам қўлга олинади.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги йилларда “имтиёзли кредит олиб бераман” деган ваъдалар билан фуқароларни алдаш ҳолатлари кўпаймоқда. Мутасаддилар эса огоҳлантиради: кредит олиш – бу таниш-билиш билан эмас, қонун доирасида ҳал этилиши лозим бўлган жараён.

    Бошқа янгиликлар