Латвия ҳукумати Россия ва Беларус фуқароларига мамлакат ҳудудида кўчмас мулк харид қилишни тақиқлади. Бу ҳақда “LSM” нашри “Миллий хавфсизликка таҳдид солувчи битимларни чеклаш тўғрисида”ги янги қонунга таяниб хабар бермоқда.
Қонун нафақат жисмоний, балки юридик шахслар — яъни Россия ёки Беларус компанияларига ҳам татбиқ этилади. Чекловлар қонун кучга кирганидан кейин тузиладиган битимларга нисбатан амал қилади.
Бироқ айрим истиснолар мавжуд. Агар Россия ёки Беларус фуқароси Латвияда доимий яшаш ҳуқуқига эга бўлса, у ягона яшаш уйини сотиб олиши мумкин. Шунга қарамай, бошпана (қочқин) мақомига эга шахслар ушбу имтиёздан фойдалана олмайди.
Шунингдек, кўчмас мулкни мерос қилиб олиш ёки суд қарори билан мулк ҳуқуқи берилган ҳолатлар ҳам ушбу тақиқ доирасидан чиқарилган.
Латвия бундай чораларни миллий хавфсизликни мустаҳкамлаш, шунингдек, Россия ва Беларус билан боғлиқ геосиёсий хавфларни камайтириш мақсадида жорий қилган.