Ўзбекистон терма жамоаси сардори Элдор Шомуродов фаолиятини Туркия Суперлигасида давом эттириши мумкин. Туркиянинг "Башакшеҳир" клуби 29 ёшли ҳужумчини ўз сафига қўшиб олиш учун жиддий ҳаракат қилмоқда, деб хабар бермоқда zamon.uz "Газетаарена"га таяниб.
Инсайдерларга кўра, Элдор «Башакшеҳир» таклифига ижобий муносабат билдирган ва томонлар аллақачон учрашган. Шунингдек, "Галатасарой", "Фенербаҳче", "Бешиктош" ва "Трабзонспор" каби йирик клублар ҳам унга қизиқиш билдирган.
"Рома" клуби эса Шомуродовни ёзда сотиш ниятида, чунки унинг шартномаси 2026 йил ёзида якунланади ва клуб футболчидан максимал фойда олишга ҳаракат қилмоқда. Айни пайтда MLS’даги клублар ҳам Элдорга қизиқмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Элдор Шомуродов жорий мавсум «Рома» сафида 37 ўйинда майдонга тушиб, 7 та гол урди ва 5 та голли узатма берди. Трансфермаркт портали унинг трансфер қийматини 5 миллион еврога баҳолаган.