17 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг музокаралари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Икки томонлама ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар кўриб чиқилди.
Давлат раҳбарлари кейинги йилларда Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги дўстлик ва барча шароитларда ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари мисли кўрилмаган юксак даражага кўтарилганини катта мамнуният билан қайд этдилар.
Ўзбекистон Президентининг 2024 йил январь ойида Хитойга давлат ташрифи давомида эришилган келишувлар изчил амалга оширилмоқда.
Барча даражаларда алоқалар ва алмашинувлар сезиларли фаоллашгани қайд этилди.
Ташқи ишлар вазирларининг стратегик мулоқоти йўлга қўйилди. Жорий йил июнь ойи бошида Самарқанд шаҳрида иккинчи Ҳудудлар форуми муваффақиятли ўтказилди.
Савдо-иқтисодий ва молиявий-инвестицион ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. 2024 йилда товар айирбошлаш 14 миллиард долларга етди. Инвестиция лойиҳалари портфели 60 миллиард доллардан зиёдни ташкил этмоқда.
Мамлакатимиз ҳудудларида қўшма технопарклар ва махсус индустриал зоналар муваффақиятли фаолият юритмоқда, "BYD" электромобилларини ишлаб чиқариш кенгаймоқда.
"Яшил" энергетика, нефть-газ, кимё, фармацевтика, металлургия, тоғ-кон, тўқимачилик, озиқ-овқат ва қурилиш тармоқларида ҳамда логистика, “ақлли” қишлоқ хўжалиги, сунъий интеллект ва рақамлаштириш соҳаларида истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.
Хитойнинг етакчи молия институтлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўлга қўйилган. "Ипак йўли" жамғармаси билан инвестиция платформасини кенгайтириш режалаштирилган. Хитой Эксимбанки иштирокида пойтахтимизда Олимпия шаҳарчаси қурилиши якунланмоқда. Тошкент шаҳрида ушбу банкнинг минтақавий филиали очилди.
Камбағалликка қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Етакчилар "Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон" стратегик темир йўли қурилишини жадаллаштириш муҳимлигини ҳам қайд этдилар.
Таълим, фан, туризм ва маданият, кадрлар тайёрлаш ва хитой тилини ўрганиш соҳаларидаги алмашинувларни ривожлантиришдан манфаатдорлик билдирилди.
Ўзбекистонда Хитойнинг Шимоли-ғарбий қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги университетининг филиали фаолият кўрсатмоқда, Урганч университети негизида Пекин университети билан ҳамкорликда Халқаро математика маркази ташкил этилган.
Ўтган йили Конфуций институти фаолиятининг 20 йиллиги нишонланди, Хитойнинг "Лу Бань устахонаси" профессионал таълим тизими жорий этилмоқда.
Келгуси йилда икки мамлакатда маданият ва санъат ҳафталикларини ўтказиш режалаштирилган.
Учрашувда халқаро кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашилди. БМТ, ШҲТ, "Марказий Осиё - Хитой" формати ва бошқа кўп томонлама тузилмалар доирасидаги мувофиқлашув ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.
Якунда етакчилар ҳузурида Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича икки томонлама музокаралар якунлангани тўғрисида баённома имзолангани эълон қилинди.