Сароймулкхоним, Гавҳаршодбегим, Шодимулк, Хадичабегим, Хонзодабегим, Гулабаданбегим... Темурийлар саройига мансуб маликалар ҳақида жуда кўп эшитганмиз, тарихий манбалар, китобларда ўқиганмиз. Аммо ҳеч бир манбада уларнинг қиёфаларини аниқ учратмаймиз. Фақатгина уларга берилган таърифу тавсифлардан хаёлан қиёфаларини ўзимиз учун гавдалантирганмиз. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясини шакллантириш доирасида олиб борилаётган изланишлар, ўрганишлар натижасида олимлар Соҳибқирон Амир Темурнинг алоҳида ҳурматига сазовор бўлган, "Катта хоним" ёки "Бибихоним" унвонига лойиқ кўрилган темурий малика Сароймулкхоним билан боғлиқ шов-шувли янгиликка гувоҳ бўлишди.
Темурийлар саройига мансуб маликалар ҳақида сўз юритилар экан, Амир Темурнинг умр йўлдоши, ўзининг юксак ақл-заковати, гўзаллиги билан Соҳибқироннинг алоҳида ҳурматига сазовор бўлган, "Катта хоним" ёки "Бибихоним" унвонига лойиқ кўрилган Сароймулкхонимнинг номи алоҳида тилга олинади.
Испаниялик сайёҳ Клавихонинг эътирофи
Юртимиз тарихини, жумладан, темурий маликалар либосларининг ўзгача прототипи ва гўзаллик сирларини ўрганиб, ҳашамдорлик ўзбек давлатчилигида ҳам азалдан мавжуд эканини билиш мумкин. Шу билан бирга, Турон аёллари гўзалликдан ташқари, ўзларининг ақлу заковати, сиёсий майдонда ўз сўзига ва ҳаракат стратегиясига эга бўлгани билан ажралиб туради. Буни испаниялик сайёҳ Клавихонинг «Самарқандга – Амир Темур саройига саёҳат кундалиги» асари ҳам тасдиқлайди: «Ҳамма ўз жойини эгаллагач, чодирларнинг биридан Соҳибқироннинг катта завжаси Бибихоним чиқиб келди. У қизил матодан, тилла иплар билан жуда кенг қилиб тикилган узун кўйлак кийиб чиқди. Кўйлак жуда узун эдики, орқасидан ўн бешга яқин канизаклар кузатиб юришарди. Хонимнинг юзи шунчалик оқ нарса билан бўялган эдики, худди узоқдан оқ қоғоз бўлиб кўринарди. Бу оқ упа ёғи қуёшдан сақланиш учун суртиларди. Бибихонимнинг юзи юпқа, нозик оқ мато билан беркитилган, бошида қизил матодан бош кийими бор, бош кийимдан елкасигача юпқа мато тушиб турарди. Узун бош кийим қимматбаҳо дур-гавҳарлар билан безатилганди. Маликанинг сочлари жуда қора, елкасига тушиб турарди. Бу ер хотинлари сочлари қора рангда бўлишини ёқтиришар ва баъзида қора рангга бўяшарди. Бибихонимнинг ёнида бир одам қўлида соябон кўтариб, уни қуёшдан тўсиб келарди. Соябон оқ ипак матодан, худди чодирга ўхшаш думалоқ шаклда тикилганди. Бибихоним соҳибқирон ўтирган майдончага, давранинг тўрига чиқиб, унинг ёнида ўтирди.”
Амир Темурнинг “Кўрагон” унвонига сабаб бўлган малика
Сароймулкхоним чиғатой улусига мансуб мўғул хонларидан Қозонхоннинг қизи бўлиб, 1341 йилда туғилган. Қозонхон тахтдан азл этилиб, қатл қилинган чоғда Сароймулкхоним ҳали беш ёшда эди. Сароймулкхоним балоғатга етгач, 1355 йилда Мовароуннаҳр ҳукмдори амир Қозоғоннинг набираси амир Ҳусайн уни никоҳига киритди.
1370 йилда соҳибқирон Амир Темур жангда амир Ҳусайнни енгиб, уни қатл қилдиргач, Мовароуннаҳр ҳукмронлигини ўз қўлига олади. Соҳибқирон Амир Темур амир Ҳусайннинг ҳарамидаги бир неча маликалар билан Қозонхоннинг қизи — Сароймулкхонимни ҳам танлаб олиб, идда муддати уч ой ўтгач, ўз никоҳига киритади. Сароймулкхонимни ўз никоҳига киритгач, соҳибқирон Амир Темур «кўрагон» унвонига мушарраф бўлди. Кўрагон ибораси мўғулча сўз бўлиб, «куёв» деган маънони ифодалайди. Зеро, Сароймулкхоним мўғул хонларидан бирининг қизи бўлгани туфайли соҳибқирон Амир Темур мўғул хонининг куёви, яъни "Амир Темур Кўрагон" номини олган эди.
Темурийлар анъанаси
Соҳибқирон саройида туғилган шаҳзодаларни ёшлигиданоқ Сароймулкхоним тарбиясига топшириш анъана бўлган. Унинг тарбиясини олган Шоҳруҳ Мирзо, Халил Султоннинг санъат ва адабиётга, Мирзо Улуғбекнинг илму фан ва адабиётга, мусиқага меҳр қўйиши фикримизнинг ёрқин далилидир. Бу анъана кейинчалик Бобурийлар даврида ҳам сақланиб қолди. Шоҳруҳ Мирзонинг хотини Гавҳаршодбегим, Бобурнинг онаси Қутлуғ Нигорхоним, катта онаси Эсон Давлатбегим, опаси Хонзодабегим, Жаҳонгирнинг хотини Нуржаҳон, Шоҳ Жаҳоннинг қизи чизмачи-меъмор Жаҳонаро, Шоҳ Жаҳоннинг хотини Мумтоз Аржуманд Бону ва кейин яшаб ижод этган шоиралар, шунингдек, оқила давлат арбобларини етиштирган халқнинг юксак маданиятли бўлганлигини пайқаш қийин эмас.
Шу кунга қадар Сароймулкхонимнинг суратиборлигини кўпчилик билмаса керак. АҚШнинг Сиэтл санъат музейида сақланаётган ШарофиддинАли Яздийнинг “Зафарнома” асари қўлёзмасига ишланган миниатюрада Сароймулкхонимнинг Самарқанддан Шоҳруҳ ибн Темур ва Халил Султон ибн Мироншоҳ билан Эрон шимоли-ғарбидаги Темур қароргоҳига қилган саёҳати тасвирланганлиги маълум бўлди. Санъатшунос Присцилла Сучекнинг фикрича, Шарофиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарида келтирилган Амир Темур таржимаи ҳолидаги Сароймулкхонимнинг вафотидан кейинги қўлёзмасига ишланган суратда унинг миниатюрасида Темурнинг ўғилларидан бири – ёш Шоҳруҳ билан бирга тасвирланган. Бу тасвир Сароймулкхоним вафотидан 30 йил ўтиб яратилганлиги тахмин қилинмоқда. Суратдан Сароймулкхонимнинг отда ўтиргани, ўгай ўғли Шоҳрух билан солиштирилганда унинг мавқеи юқори, иззат-ҳурматда бўлганини кўриш мумкин. Ўшанда Шоҳрух 10 ёшда бўлган. Тарихий манбаларда номлари келтирилган аёллар билан боғлиқ воқеалар баъзан қўлёзма суратларда ҳам ўз аксини топган. Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асари қўлёзма нусхасида Сароймулкхоним ва Хонзодабегим ҳаётидаги воқеалар ҳам тасвирланган.
Матндаги маълумотга кўра, суратда Сароймулкхоним лашкарлари Темур қароргоҳидан уларни кутиб олиш учун юборилган бир гуруҳ отлиқлар билан учрашган пайтини кўрсатиши керак бўлса-да, гўёки уларнинг саёҳати тасвирлангандек таассурот уйғотади. Чап тарафдаги отлиқлар Сароймулкхоним ва унинг хизматкорлари, ўнг тарафдаги эркаклар эса ўша пайтда ўн ёшда бўлган Шоҳрухнинг хизматкорлари бўлиши мумкин. Санъатшунос Присцилла Сучекнинг ёзишича, бу воқеа 1387 йилда, Сароймулкхоним Темур билан Эрон шимоли-ғарбида учрашиб, у ерда тарғибот ишларини олиб борганида содир бўлган. Ўша пайтда Мирон Шоҳ 21 ёшда, Шоҳруҳ эса 10 ёшда бўлса-да, ўгай онасига саёҳатларда ҳамроҳлик қилган. Халил Султон эса 3 ёшли бола бўлган.
Бу миниатюра Темурий маликаларнинг қиёфаларибилан боғлиқ хаёлий тасаввурларни реаллашишигахизмат қилувчи ноёб манба, дейиш мумкин.