Ғазо секторида душанба куни гуманитар ёрдам олиш умидида Tal ал-Султон ҳудудига йўл олган фаластинликларга қарата яна ўқ узилди. Аммо бу сафар отишмалар фақат Исроил ҳарбийлари эмас, балки номаълум қуролланган маҳаллий шахслар томонидан ҳам амалга оширилгани ҳақида гувоҳлар билдирган.
Ғазонинг “ҲАМАС” бошқарувидаги соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, ҳодиса натижасида камида 6 киши ҳалок бўлган, 99 нафари эса турли даражадаги жароҳат олган. Барчаси – гуманитар ёрдам тарқатилиши белгиланган ҳудудларда.
Исроил томони нима деди?
Исроил Мудофаа кучлари (ИДФ) мазкур ҳолат бўйича текширув олиб борилаётганини билдирган. Шу билан бирга, улар илгари ҳам шунга ўхшаш ҳолатларда “огоҳлантириш ўқига жавоб бермай яқинлашган шубҳали шахслар”га қарата ўқ узилганини тан олган, бироқ “ёрдам олишга келган тинч аҳоли” нишонга олинганини рад этган.
Янги хавф: қуролланган номаълум шахслар
Tal ал-Султон воқеасининг энг хавотирли жиҳати — гувоҳларнинг айтишича, бу сафар ўқ узганлар орасида юзлари ниқобланган, фуқаролик кийимдаги маҳаллий қуролланган шахслар ҳам бўлган. Улар Ғазо Гуманитар Жамғармаси (GHF) тарқатаётган озиқ-овқат ёрдамини олиш учун келган одамларга қарата ўқ узган.
Ҳишам Саъид Салем, ёрдам олиш учун борган фуқаролардан бири, “BBC Арабиc”га берган интервьюсида шундай дейди:
“Дастлаб, уларни ёрдам тарқатишда кўмаклашаётган ёшлар деб ўйладик. Аммо улар тўсатдан бизга қарата ўқ узишни бошлашди. Ҳаттоки, ёрдам қутисини олиб чиққанлар ҳам нишонга олинди. Кимлигини ҳали ҳам билмаймиз, лекин улар ҳатто тартибсизликдан фойдаланиб, баъзиларимиздан ёрдам қутиларини тортиб олди.”
Яна бир гувоҳ, Муҳаммад Сакут, воқеа жойида бир нечта одамнинг кўз ўнгида ўлдирилганини айтган ва қўшимча қилган:
“Авваллари отишмани фақат Исроил ҳарбийларидан кўрардик. Бугун эса милициялар, тўдалар борлигини кўриб ҳайратда қолдик.”
"GHF" нима дейди?
GHF – АҚШ ва Исроил томонидан молиялаштирилаётган ташкилот — бу сафар Tal ал-Султон ҳудудидаги марказ очилмаганини, аммо Рафаҳдаги Саудия тумани ва Води Ғазо марказидаги иккита бошқа марказда ёрдам тарқатиш “муваффақиятли” ўтганини билдирган.
Шунга қарамай, ташкилотнинг ижтимоий тармоқлардаги постида Tal ал-Султон маркази “оммавий тартибсизликлар” сабабли ёпилганини тан олган.
GHF вақтинчалик ижрочи директори Жон Акри ташкилот икки ҳафта ичида 11 миллиондан ортиқ озиқ-овқат улашганини айтган ва бу жараёнда “жиддий воқеа ёки жароҳат” бўлмаганини таъкидлаган.
Бироқ Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу давр ичида гуманитар ёрдам ҳудудларидан жами 127 нафар ҳалок бўлган ва 1 287 киши яраланганини қайд этмоқда.
Нега БМТ ва бошқа ташкилотлар бу тизимдан воз кечди?
БМТ ва халқаро ёрдам ташкилотлари ГҲФънинг фаолиятида иштирок этишни рад этган. Улар бу тизим “нейтраллик, бетарафлик ва мустақиллик” каби халқаро гуманитар тамойилларга зид эканини таъкидлаб келишмоқда. Уларнинг хавотири: ёрдам сиёсий воситага айланмоқда.
Қайд этилиш жоизки, Ғазода 2,1 million аҳоли очарчилик ёқасида. Улар учун ёрдам – ҳаёт ва ўлим масаласи. Аммо бугун ёрдам пунктларига боришнинг ўзи тириклик гарови эмас. Отишмалар, ноаниқ ҳаракат қилаётган гуруҳлар ва беқарорлик Ғазодаги энг муҳим саволни кун тартибига олиб чиқмоқда:
Ёрдам кимнинг қўлида ва ким бу ёрдамни назорат қилмоқда?