Қадимий Хоразм, Суғд, Бақтрия ва кейинчалик Турк хоқонлиги даврида шер хукмдор қудрати ва халқни ҳимоя қилиш сифатида тасвирланган.
Хўш, бу рамзнинг илдизи қаерга бориб тақалади?
Аслида бу шер Самарқанд рамзи ҳисобланади. Арслон тимсоли Самарқанд ерларига эронликлар томонидан олиб келинган аммо араблар ва турклар даврида унинг ўрнини қоплон тимсоли эгаллаган.
Қадимги тарихчи Абусанд Ибн Муҳаммад Идриснинг ёзишича, Самарқанд шаҳрига асос солинганда Зарафшон тоғларидан қоплон тушиб, деворларни айланган. Гўёки қурилишга ўз розилигини бериб, яна изига қайтиб кетган. Шундан бери қорқоплон Самарқанд шаҳри тимсоли ҳисобланади. Ҳақиқатдан ҳам самарқандликларнинг рамзи сифатида меъморчилик, ҳайкалтарошлик ва хунармандчилик маҳсулотларида қоплон тасвирланган. Шунингдек, шаҳарнинг расмий гербида қанотли қоплонни кўришимиз мумкин. Унинг энг машҳур сурати Шердор мадрасасида жойлашган. Шердор номидаги “шер” сўзи ҳам бежиз эмас. Мадраса пештоқини безаб турган, ортида қуёш билан тасвирланган шер ҳукмдорни ифодалайди. Уни ер ва осмон устидан хукмронлик қилувчи куч билан тенглаштиради.
Самарқанд шаҳри тарихи ХVII асрнинг биринчи ярмида, аштархонийлар сулоласининг олчин уруғидан чиққан ўзбек зодагонларининг йирик вакили Ялангтўш Баҳодирнинг фаолияти билан чамбарчас боғлиқдир.
Самарқандда аштархонийлар даврида Ялангтўш Баҳодир таъсири сабабли қурилиш ишлари янада жонланади. Ушбу маърифатпарвар ва саховатпеша ҳокимнинг бевосита ташаббуси ва фармони билан Регистон майдонидаги вайроналикка юз тутган ҳашаматли Мирзо Улуғбек мадрасасида таъмирлаш ишларини олиб бориш ҳамда батамом бузилиб кетган Мирзо Улуғбек қурдирган хонақоҳ, Мирзойи ҳаммоми ва карвон саройлари ўрнида иккита ҳашаматли иншоот - Шердор мадрасаси (1619-1636) ва Тиллакори мадраса-масжиди (1646-1660) бунёд этилган. Бузиб юборилган диаметри 15 метр бўлган катта гумбазли хонақоҳ ўрнида Мирзо Улуғбек мадрасасининг нусхаси сифатида унга қарама-қарши турган Шердор мадрасаси бунёд этилган. Шердор мадрасасининг пештоқи Мирзо Улуғбек мадрасаси пештоқи билан асосан бир хил, бинолар бир-бирига ўхшаш бўлса ҳам, лекин сифат ва меъморчилик жиҳатидан фарқ қилади.
Шердор мадрасаси сатҳи 70х57 метр, яъни тўрт бурчакли шаклда бўлиб, ҳовлиси икки қаватли ҳужралар билан ўраб олинган, уларнинг сони 52 та, ҳовлининг бурчакларида дарсхоналар жойлашган. Аммо бу обидада масжид йўқ, жануби-ғарбий дарсхона эса зиёратхона ҳисобланган, чунки унга ташқи томондан бевосита Имом Муҳаммад ибн Жаъфари Содиқ мозори мақбараси туташган.
Шердор мадрасаси фасадидаги минора ва гумбазлари Улуғбек мадрасасига ўхшаш, аммо орқа томондаги фасадлар бурчаги гулдаста миноралар билан ўралган. ХVII асрга келиб ер сатҳи маданий қатламларининг кўтарилиши туфайли ХV асрдаги дастлабки ер сатҳидан икки метрга яқин баланд кўтарилган. Ана шунинг учун бир мунча паст кўринган Улуғбек мадрасасининг қисқарган шаклидек барпо этилган. Шердор мадрасаси қурилганда ХVII аср меъморчилигига хос анча янгиликлар қўлланилган, қурилиш жараёнини тезлаштирувчи ва арзонлаштирувчи илғор усуллардан фойдаланилган, аммо бадиий безакларнинг таъсир кучи бир мунча пасайиб кетганлиги сезилиб турибди. Лекин рангларнинг ўз ўрнида ишлатилганлиги ва айрим панноларнинг ғоят нафис бажарилганлиги бу ёдгорликни яратган меъмор ва наққошларнинг юксак маҳоратидан далолат беради.
Нақшлар бутун обида юзини қоплаган. Уларда чок, йирик хандасавий сулс, куфий ёзув нақшлари ва гул бандлари тасвирларда уйғунлашган бўлиб, фақатгина Самарқанд обидаларига хос тарзда ишланган. Айнан шу усул Самарқанд меъморий безаклар мактабини ташкил қилади.
Улкан пештоқ равоғи тепасидаги тимсол диққатга сазовордир: Қизғиш зарҳал шер, оқ оҳуни қувиб кетмоқда. Қуёш бодомқовоқ, кийик кўзли доира шаклида тасвирланган. Унинг юзи эса зарҳал ёғду билан ҳошияланган.
Бутун композицияси зангори асосда бўлиб, фируза ва зарҳал бўёқлар билан тасвирланган ҳамда бир-бирига чирмашиб кетган навдалар, очилиб ётган оқ гуллардан иборат. Ана шу ажойиб тасвир туфайли у "Шердор" номини олган, яъни «Шерларга эга бўлган» мумтоз мусулмон астрономиясида қуёшнинг Асад буржида, яъни Шер устида бўлиши саъд, яъни бахтиёр замонга ишорадир. Бундан ушбу бинонинг абжад ҳисобида: Ялангтўш – 816, Баҳодир – 212, жами 1028 ҳижрий ҳисоби, милодий ҳисобда 1619 рақамининг келиб чиқиши Шердор мадрасасининг қурилиши 1619 йилда бошланганлигига ишорадир.
Мадраса ҳовлисининг декоратив безалиши ҳам унинг ташқи деворлари сингари бой ва хилма-хилдир. Мадраса деворларига битилган ёзувларга уни яратган машҳур меъморлар - уста Абду Жаббор ва ўймакор наққош Аваз Самарқандий номлари ҳам ёзиб қолдирилган.
Шердор мадрасаси ҳақида Маҳмудхўжа Беҳбудий
Ушбу мадрасаи олия Туркистон подшоларидан Имомқулихон ҳазратларининг давринда сипоҳсолор ва ҳам Самарқандға волий бўлғон Абдулкарим Ялангтўш Баҳодир тарафиндан бино қилингандур.
Ялангтўш Баҳодир Самарқанд аскари ила Хуросон ва Машҳадни истило этиб, ул тарафдан келтурғон амвол, ғанойим ила Самарқандға ушбу Шердор ва ҳам Тиллакори мадрасаларини бино этибдур. Бу мадрасалар дохилан ва хорижан чиний мулавви коши ила зийнат берилиб кошиларини аксари гўё бугун усто ва санъаткор қўлидин чиқғон кабидур.
Тарих биноси Шердор мадрасасини дохилий ва ғарбий тоқинда чиний музойиқ ила зердаги важҳ узра назман ёзилгандур…
Шердор мадрасасининг мадхали ва жабҳаси ғарбдаги Мадрасаи Мирзо Улуғбек Кўрагоний мадрасаси моҳазисинда мутаважжиҳ ва иккиси юз ба юз бир шаклда бино қилинган. Иккиси фосиласи юз аршин ва ораси тош фарш қилинган васиъ бир майдондурки, Регистон аталур.
Регистоннинг шимоли ва жануби катта йўл бўлуб, шимолидаги каноринда болода зикр қилингон икки мадраса рукн ва зовияларига муқобил Тиллакори мадрасаси мабнидур. Шердорнинг самти хориждан ҳадди ғарбия ва шарқияси 82 аршиндан, шимолий ва жанубий жиҳатлари 95 аршиндан бўлуб, жамъан 779 мураббаъ аршин ерни муҳтавийдур.
Шердорни саҳни дохилиясининг ғарбий ва шарқий ҳадлари 54 аршиндан, шимолий ва жанубий тарафлари 52 аршиндан бўлуб, вусъати 2808 мураббаъ аршин ва ери мармар тош ила фарш бўлуб, тўрт жиҳатдан ҳужралар ва тўрт катта равоқнинг жабҳаси ушбу мураббаъ саҳнга мутаважжиҳ ва нафси иморатни ўрни 4910 мураббаъ аршин ерни шоғилдур. Мадраса икки ошиёна бўлуб, 64 ҳужра, икки катта дарсхона, дохилан тўрт катта тоқни мужтамилдур…
Пештоқнинг хорижий жабҳасинда меҳробнинг икки тарафинда бир-бириға муқобил йкки шер (арслон) шаклини мусаттаҳ чиний ва кошилар ила арслон рангида мулавван тасвир қилингани учун Мадрасаи Шердор аталибдур. Арслон нақшасининг асари бу кунда ҳам маълумдур. Мадраса ва миноранинг бошқа жиҳатларинда тасвир йўқ ва аксарият ила ояти ҳадис ва тарихи абётни мармарларға музойиқланган ва коши мулавван чинийлар ила ёзилгандур. Мадраса минора ва қуббаларининг бутун сатҳини араб, эрон, ҳинд услуб наққошиси узра мулаввун чиний ва рангоранг коши ила ниҳоят нафис суратда нақшлангандурки, тўрт аср бўлган бўлса ҳам кошилар офтоб ва ой нурини акс этдурар ва кўзни қамашдурар.
Минора мадхалиға етгандан сўнгра минора ичиндаги 56 зина воситасила миноранинг шарафаси устинда минилур. Энди ушбу буюк минора устидан Самарқанд фирдавсмонандининг зумурраддин боғу бўстонлари, хушоҳанг латиф наҳрлари, тўғри ва аважожлик йўлларини тамошо этиб, Самарқанд шаҳри офоқнинг атрошом, соғлом, нафис ҳавосини шимитмали ва бу муборак офоқдаги юзлар ила тариз тоғ парчаларидек мадраса, дахма, қубба, масжидларни сайр қилмали.
У муборак қубба, дахма ва буқъалар боний ва сокинларининг мозийға мадфун ва мужассам тарихий ва диний қаҳрамонликларини ёд этиб, баҳри таоммиқиға маҳв ва ғарқ ўлмали.
Президент ташаббуси билан барпо этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг “Хонликлар даври” экспозициясидан Регистон майдони макети ўрин олиши кўзда тутилган.