АсосийЖамият

Инкор қилиб бўлмас тарихий ҳақиқат: сунъий интеллектга Шарқда асос солинган!

Рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва шу каби оламшумул кашфиётларнинг асл негизи Европада эмас, Шарқда – Ал-Хоразмий томонидан кашф этилган.

'Инкор қилиб бўлмас тарихий ҳақиқат: сунъий интеллектга Шарқда асос солинган!'ning rasmi

Рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва шу каби оламшумул кашфиётларнинг асл негизи Европада эмас, Шарқда – Ал-Хоразмий томонидан кашф этилганлигини билармидингиз? Илм соҳасидаги оригинал инноватор сифатида тан олинган Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий нафақат ўз даври, балки бутун инсоният тамаддуни йўналишини ўзгартириб юборган алломалардандир. Унинг номи бугун дунё фан соҳасида "алгебра" ва "алгоритм" деган икки буюк атаманинг илдизида мужассам.  Бу ҳақда Ислом цивилизацияси маркази ахборот хизмати хабар берди.

Бугунги рақамли ускуналар, дастурлаш, маълумотлар базаси, криптография, сунъий интеллект, ҳатто космик тадқиқотларда ҳам айнан ал-Хоразмийнинг илмий кашфиётлари пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Шуни англасак, замонавий дунё қандай буюк ва чуқур илмий меросга таянаётганини теран ҳис қиламиз.

Ал-Хоразмий – илм соҳасидаги оригинал инноватор, унинг мероси фақат бир соҳада эмас, балки математиканинг бир неча бўлими, астрономия, география, геометрия, арифметика ва ҳисоблаш тизимларида ўзини намоён қилган. Унинг “Китоб ал-жабр ва-л-муқобала” асари орқали алгебра мустақил фан сифатида шаклланди, арифметикага оид рисолалари бутун дунёга ўнлик позицион тизимни тарқатди, “Зиж” асари эса астрономияда янги даврни бошлади. Унинг "Китоб сурат ал-арз" каби асарлари географияда аниқлик ва илмийликни тамсил қилган бўлса, “ал-Харита ал-Маъмуния” харитаси орқали глобал тасаввурни шакллантирди.

Қизиғи шундаки, ал-Хоразмий илм оламида бир йўналишда эмас, балки математика, астрономия, география, геометрия ва ҳисоблаш тизимлари каби кўплаб соҳаларда юксак натижаларга эришган. Бугунги кунда фанлараро интеграция ҳақида гап кетаётган даврда, ал-Хоразмий каби универсал алломалар намунаси ҳар қачонгидан кўра долзарб. Зеро, у нафақат назарий олим, балки чуқур амалий тафаккур эгаси, илмнинг жамият ҳаётидаги аҳамиятини чуқур тушунган ҳақиқий маърифатпарвар эди.

Ал-Хоразмий тахминан 783 йилда Хоразмда туғилган. Унинг болалик йиллари ва илк таълими ҳақида аниқ маълумотлар мавжуд эмас. Бироқ олим дастлабки билимларини Хоразм ва Марказий Осиёнинг бошқа маданий марказларида олган деб тахмин қилинади. 813 йилда халифа Ҳорун ар-Рашиднинг ўғли ал-Маъмун халифалик тахтини эгаллаганидан сўнг, Ал-Хоразмий Бағдодга таклиф этилади. Бу ерда у “Байт ал-ҳикма” – яъни “Донишмандлик уйи” номли илмий академияда фаолият юритади ва ҳатто унга раҳбарлик қилади.

 Илм-фан ривожидаги ўрни

Ал-Хоразмий математика, астрономия, география каби аниқ фанлар соҳасида жаҳоншумул кашфиётлар қилган. Унинг математика соҳасидаги энг муҳим ишлардан бири “Китоб ал-жабр ва-л-муқобала” асаридир. Ушбу рисола орқали алгебра мустақил фан сифатида шаклланади. Унда чизиқли ва квадрат тенгламаларни умумий усулда ечиш йўллари кўрсатиб берилган. Бу эса бугунги алгебра фанининг асосини ташкил этади.

Арифметика ва алгоритм тушунчаси

Ал-Хоразмий арифметикага оид рисоласида ҳиндлардан олинган тўққизта рақам ва нол (кичик доирача) ёрдамида катта сонларни ифодалаш усулларини асослаб берган. Бу ўнлик позицион тизимнинг жорий этилишига хизмат қилган бўлиб, кейинчалик бутун дунёга тарқалган. Рисоланинг лотинча таржимаси “Дихит Алгоризми” (“Ал-Хоразмий айтади”) деб бошланади. “Алгоризми” атамаси айнан Ал-Хоразмий номидан олинган бўлиб, кейинчалик “алгоритм” шаклида замонавий илм-фанга кириб келган.

 Астрономия соҳаси – “Зиж” асари

Ал-Хоразмийнинг астрономияга оид “Зиж” номли асари ўз даврининг етук илмий ютуғи саналади. Унда Қуёш, Ой ва кўзга кўринадиган бешта сайёранинг ҳаракати, тригонометрия, географик координаталар ҳамда Ой ва Қуёш тутилиши ҳодисалари ҳақида муҳим маълумотлар берилган. Айниқса, тригонометрияга оид бўлимда синус ва косинус функцияларининг жадваллари илк бор тартибли равишда келтирилган. Бу асар кейинчалик Мирзо Улуғбек ва бошқа олимлар учун муҳим манба бўлиб хизмат қилган.

 География ва харита тузишдаги ҳиссаси

Ал-Хоразмий “ал-Харита ал-Маъмуния” харитаси орқали география фанига ҳам катта ҳисса қўшган. Бу харита халифа ал-Маъмун саройи деворига чизилган бўлиб, Ер юзининг обод қисмини – рубъи маскунни тасвирлаган. Унда Птолемей илгари сурган нотўғри ғоя, яъни “қуруқлик дунё океани билан ўралган” деган қараш инкор қилинади. Аксинча, Ал-Хоразмий қуруқликнинг океан билан ўралганлигини илмий асосда кўрсатади. Бу эса ўша давр учун катта илмий бурилиш эди.

“Китоб сурат ал-арз” – географик тавсиф

Ал-Хоразмийнинг “Китоб сурат ал-арз” асарида 2400 га яқин географик нуқтанинг координаталари берилган. Унда Тинч океани “ал-Баҳр ал-музаллам” деб номланган бўлиб, Корея яримороли ва Япония ороллари ҳақида ҳам маълумотлар мавжуд. Ушбу китоб географик харита билан биргаликда ўрганилиши лозим бўлган ноёб илмий манба ҳисобланади.

 Илмий меросининг таъсири

Ал-Хоразмий асарлари нафақат мусулмон Шарқида, балки Европада ҳам кенг тарқалган. Унинг алгебра ва арифметикага оид асарлари лотин тилига таржима қилиниб, ўрта аср Европаси фанининг шаклланишига асос бўлган. Айниқса, “алгоритм” тушунчаси бугунги замонавий компьютер технологияларининг назарий асосларидан бири ҳисобланади.

Бугун телефонимизда калькуляторни очамизми, харитада йўл топамизми ёки код ёзамизми — аслида биз Ал-Хоразмий билан ҳамнафасмиз. Унинг киритган тамойиллари бизнинг кундалик қарорларимизда яшайди. Демак, у тарихда эмас, ҳозирги замонда яшамоқда. Фақат китобларда эмас — ҳаётимизнинг ўзида.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар

    '“Яшил макон” электрон платформасида очиқлик янада таъминланади'ning rasmi

    Жамият 03.06.2025 22:07

    “Яшил макон” электрон платформасида очиқлик янада таъминланади

    Президент Фармонига кўра, дарахтларнинг чидамлилигини оширишнинг мақсадли кўрсаткичлари белгиланди:

    'Тошкент вилоятида 24 ёшли қиз ўлик ҳолда топилди'ning rasmi

    Жамият 03.06.2025 20:50

    Тошкент вилоятида 24 ёшли қиз ўлик ҳолда топилди

    Унинг мурдаси ГЭСнинг аҳлат йиғиладиган жойдан топилган.

    'Иссиқ-кўл йўналишида мавсумий автобус қатнови бошланади'ning rasmi

    Жамият 03.06.2025 20:19

    'Ўзбекистон Буюк Британия билан ЖСТ бўйича муҳим музокараларни якунлади'ning rasmi

    Жамият 03.06.2025 17:23

    Ўзбекистон Буюк Британия билан ЖСТ бўйича муҳим музокараларни якунлади

    Икки томонлама музокараларни тўлиқ якунлаш учун ЖСТга аъзо яна бир неча давлат қолди.

    'Бўрижарда чўкаётган қизчаларни қутқариб, ҳалок бўлган фуқаро мукофотланди'ning rasmi

    Жамият 03.06.2025 17:02

    'Бухорода 36 нафар боғча тарбияланувчиси иккита Damas'да ташилди'ning rasmi

    Жамият 03.06.2025 16:50