Қўшма Штатлар 2025 йил 1 июлдан бошлаб Украинадаги USAID (АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги) лойиҳалари доирасида фаолият юритаётган қатор ходимлар билан шартномаларни бекор қилмоқда. Бу ҳақда TASS агентлиги АҚШ давлат харидлари порталидаги расмий ҳужжатларга таяниб хабар берди, дея ёзмоқда "Замон.уз".
Ишдан бўшатилаётганлар гуманитар ва ривожланиш соҳасида ишлаган мутахассислардир. Улар орасида иқтисодий ўсиш бўйича катта маслаҳатчи, глобал соғлиқни сақлаш хавфсизлиги бўйича эксперт, донорларни мувофиқлаштириш бўйича маслаҳатчи ва бошқа кўплаб малакали кадрлар бор. Шунингдек, баъзилари Доналд Трампнинг олдинги президентлик даврида ишга қабул қилинган.
Ходимлар билан тузилган шартномалар турли муддатли ва турли миқдорда бўлган. Улардан энг юқори маблағли шартнома – алоқа бўйича катта маслаҳатчига тегишли бўлиб, қиймати 455 минг АҚШ долларини ташкил этган.
Расмий ҳужжатларда ишдан бўшатиш сабаби “ҳукумат манфаатлари учун” деб кўрсатилган. Бу ибора, Илон Муск назорати остидаги самарадорликни ошириш агентлиги томонидан стандарт асосда ишлатилади. Ушбу асосда бўшатилган ходимлар компенсация олиш ҳуқуқига эга бўлиши мумкин, бироқ бу ҳолат шартномавий тафсилотларга боғлиқ.
Аввалроқ, АҚШ Давлат котиби Марко Рубио АҚШнинг хориждаги ёрдам дастурларини танқид қилиб, “уларнинг кўпчилиги самарасиз” эканини ва атиги 12 фоиз маблағгина ҳақиқий эҳтиёжмандларга етиб боришини билдирганди.
Бу қарор Украина билан ҳамкорликдаги ривожланиш дастурларига қандай таъсир кўрсатиши ҳозирча аниқ эмас, бироқ у USAID лойиҳаларининг қисқаришидан далолат беради.