Ўзбекистонга пул ўтказмалари кескин ошди: 2025 йилнинг биринчи чорагида 3,3 млрд доллар жўнатилган.
2025 йилнинг январь–март ойлари давомида Ўзбекистонга хориждан амалга оширилган пул ўтказмалари ҳажми 3,3 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига (2024 йилнинг биринчи чорагида — $2,5 млрд) нисбатан 32 фоизга кўпдир.
Марказий банкнинг пул-кредит сиёсатига оид шарҳида шу ҳақда маълум қилинган.
Марказий банк маълумотларига кўра, ушбу ўсиш икки асосий омил - меҳнат мигрантлари оқимининг ошгани ва асосий ҳамкор давлатлар (хусусан, Россия) валюталарининг мустаҳкамланиши билан боғлиқ.
Жумладан, январь ва февраль ойларида мамлакатга ҳар бири қарийб 1 миллиард долларлик пул ўтказмалари амалга оширилган бўлса, март ойида бу кўрсаткич 1,2 миллиард долларга етган — бу шу пайтгача кузатилган энг юқори ойлик натижалардан биридир.
Марказий банкнинг таъкидлашича, меҳнат мигрантлари юборган маблағлар мамлакат валюта тушумлари ва ички истеъмол даражасига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Шунингдек, ишчи мигрантлар кўп бўлган давлатларда иш ҳақи даражаси ошгани ва улардаги меҳнат бозорида ишчи кучига талаб ўсгани пул ўтказмалари ўсишига хизмат қилмоқда.
Ушбу ҳолат туфайли, Марказий банк 2025 йил учун пул ўтказмалари бўйича йиллик ўсиш прогнозига ўзгартиш киритди: аввалги 10–12 фоиз ўрнига, эндиликда 15–18 фоиз атрофида ўсиш кутилмоқда.
Шу билан бирга, келгусидаги хавфлар ҳам инкор этилмаяпти — глобал иқтисодий ўсиш суръатларининг секинлашиши ва ҳамкор мамлакатлардаги валюта курсларининг ўзгарувчанлиги пул ўтказмалари динамикасига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил якунлари бўйича Ўзбекистонга юборилган пул ўтказмалари ҳажми 14,8 миллиард долларни ташкил этган бўлиб, бу 2023 йилга нисбатан 30 фоизга ёки 3,4 миллиард долларга кўп бўлган эди.
Абдуллоҳ Саййид