Ижтимоий тармоқларда айрим интернет нашрлари ва фаоллари томонидан “давлат шифохоналаридаги пуллик хизматлар 4,8 каррага қимматлашгани айтилмоқда.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ахборот хизматининг маълум қилишича, Адлия вазирлиги томонидан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Пуллик тиббий хизмат кўрсатадиган даволаш-профилактика муассасаларини молиялаш тартибини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори рўйхатдан ўтказилган.
Мазкур қарорнинг 8-бандида “Тиббий хизматга тўловнинг энг кўп қиймати даволаш-профилактика муассасаси томонидан буджет маблағлари ҳисобига кўрсатилаётган айнан шундай хизматлар қийматининг 25 фоизидан ортиқ бўлиши мумкин эмас”лиги белгиланган.
Бироқ, мазкур қарор қабул қилинганидан сўнг унинг 8-бандидаги меъёрнинг турлича талқин қилиниши оқибатида баъзи тушунмовчиликлар келиб чиқди. Жумладан, “шундай хизматлар қийматининг 25 фоизи назарда тутилганми ёки 125 фоизими” деган саволлар юзага келди. Содда қилиб айтганда, “тиббиёт муассасаларида 100 минг сўмлик тиббий хизмат 25 минг сўмга ёки 125 минг сўмга кўрсатиладими”, деган мазмунда мурожаатлар пайдо бўлди.
Юзага келган тушунмовчиликни бартараф этиш мақсадида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Пуллик тиббий хизмат кўрсатадиган даволаш-профилактика муассасаларини молиялаш тартиби 8-бандига ўзгартириш киритиш ҳақида” қўшма қарори қабул қилиниб, Адлия вазирлиги томонидан 2025-йилнинг 7-май куни рўйхатдан ўтказилди.
Бу орқали тартиб амалдаги норматив ҳужжатга мувофиқлаштирилди ҳамда пуллик тиббий хизматлар нархларининг юқори чегараси аниқ белгиланди. Хусусан, аҳолига пуллик асосда кўрсатилган тиббий хизмат нархини белгилашда тегишли хизмат таннархига 20 фоизгача устама қўллаш мумкинлиги қатъий белгиланди.
Яъни, эндиликда таннархи 100 минг сўм бўлган тиббий хизматнинг пуллик хизмат нархи 120 минг сўмдан ортиқ бўлиши мумкин эмаслиги қайд этилди.
Шу кунгача эса тиббиёт муассасаларида аҳолига пуллик асосда кўрсатиладиган тиббий хизмат нархини шакллантириш унинг таннархига 25 фоизгача устама қўллаш орқали амалга оширилган. Яъни, таннархи 100 минг сўм бўлган тиббий хизматнинг пуллик нархини 125 минг сўмгача белгилаш мумкин бўлган.
Лекин ижтимоий тармоқларда мазкур янгилик “давлат шифохоналаридаги пуллик хизматлар қимматлашади”, деб нотўғри талқин қилинмоқда.
Аслида Адлия вазирлиги томонидан 2025-йилнинг 7-май куни рўйхатдан ўтказилган қарор билан тиббиёт муассасалари томонидан кўрсатиладиган пуллик хизмат нархи камайтирилди. Яъни, давлат шифохоналаридаги пуллик хизматлар учун тўловлар камида 5 фоиз арзонлашди.