Шри-Ланкада йирик йўл-транспорт ҳодисаси юз берди. Мамлакат жанубида ҳаракатланиб кетаётган йўловчи автобуси тахминан 100 метр баландликдаги қоядан пастга қулаб тушди. Воқеа оқибатида камида 21 киши ҳалок бўлган, яна 35 нафардан ортиқ йўловчи турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган, дея ёзмоқда "Замон.уз".
Воқеа содир бўлган ҳудудда қутқарувчилар, полиция ва тиббиёт бригадалари ишламоқда. Ҳалок бўлганлар орасида аёллар ва болалар борлиги айтилмоқда, бироқ марҳумлар шахсига аниқлик киритилмаган.
Маҳаллий ҳокимият ҳодиса сабаблари ўрганилаётганини билдирган. Дастлабки тахминларга кўра, автобус ҳайдовчиси йўлнинг оғир рельефи ва эҳтимол, техник носозлик сабаб бошқарувни йўқотган.
Шри-Ланка расмийлари бу фожиани сўнгги йиллардаги энг оғир йўл-транспорт ҳалокатларидан бири деб атамоқда.