Озарбайжон президенти Илҳом Алиев сўнгги лаҳзада Москвага ташрифини бекор қилди. У Ғалабанинг 80 йиллиги шарафига бағишланган парадда иштирок этиши керак эди. Бу ҳақда Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков маълум қилди.
Афсуски, Алиев келмайди, деган хабар келди. Унинг Ҳайдар Алиевга бағишланган ички тадбирларда қатнашиши зарурлиги тушунтирилди, деди Ушаков.
Лаос президенти Тхонглун Сисулит ҳам Москвага боришдан бош тортган. У коронавирусга чалингани айтилмоқда. Парадда унинг ўрнига Лаос номидан ташқи ишлар вазири Тхонгсаван Фомвихан иштирок этади. Москвадаги парадда 20 дан ортиқ хорижий давлатлар раҳбарлари қатнашади.
Улар орасида Марказий Осиё давлатлари президентлари, Хитой раиси Си Цзиньпин, Беларусь президенти Александр Лукашенко, Словакия бош вазири Роберт Фицо, Арманистон бош вазири Никол Пашинян, Вьетнам коммунистик партияси бош котиби То Лам, Бразилия президенти Лула да Сильва, Сербия президенти Александр Вучич ва бошқалар бор.
Илҳом Алиев охирги марта ўн йил олдин — 2015 йилда Москвадаги Ғалаба парадида қатнашган. 2024 йилнинг март ойида Озарбайжон ва Россия президентлари матбуот хизматлари Алиев парадда иштирок этиш таклифини қабул қилганини тасдиқлаганди.
Таклифнинг қабул қилиниши Москва ва Боку ўртасидаги икки томонлама муносабатларда сезиларли совуқлик фонида содир бўлди. Сабаби 2024 йил декабрь ойида Озарбайжоннинг AZAL авиакомпанияси йўловчи лайнери ҳалокатга учраб, 38 киши ҳалок бўлганди. Самолёт Грозний осмонида Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими томонидан зарбага учраган, кейин эса Россия аэропортларига фавқулодда қўнишга рухсат берилмаган. Самолёт охир-оқибат Қозоғистонга йўл олган ва у ерда Оқтов яқинида ҳалокатга учраган. Алиев Россияни воқеани яширишга, ҳужум фактини эса “бемаъни версиялар” орқали инкор этишга уринишда айблаганди.