АсосийСаломатлик

Астма нега айнан баҳорда кучаяди?

Барчани қизиқтирган мазкур саволга мутахассис жавоб берди.

'Астма нега айнан баҳорда кучаяди?'ning rasmi

Сўнгги йилларда глобал иқлим ўзгариши, атроф-муҳитдаги аллергенлар кўпайиши ва генетик омиллар туфайли нафас йўллари хасталиклари, хусусан, бронхиал астма билан касалланиш ҳолатлари ошмоқда. Айниқса, баҳор-ёз ойларида бу хасталик кўплаб беморлар ҳаётини издан чиқаради.

Шу муносабат билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология маркази пульмонологи Хайрулло Ражабов билан интервью ташкил этди. Мутахассис мавсумий астма хуружларига сабаб бўладиган омиллар, касалликни эрта аниқлаш ва олдини олиш чораларини санаб ўтди.

Астманинг хавфли палласи – баҳор

Бронхиал астма — бу нафас йўлларининг сурункали яллиғланишидир. Бутун дунё аҳолисининг ўртача 5 фоизида, болалар орасида эса 10 фоизгача учрайди, — дейди Р. Ражахов. — Касаллик, айниқса, баҳор ва куз ойларида авж олади. Қуруқ йўтал, нафас сиқилиши, кўкракда оғирлик ва ҳансираш каби симптомлар билан кечади.

Хуружлар одатда тунда ёки эрта тонгда юз беради ва дорилар таъсирида қисқа фурсат ичида енгиллашади.

Хуружларга нима сабаб бўлади?

Астмани қўзғатувчи асосий омиллар:

• генетик мойиллик;

• чанг, гулчанг, ҳайвон юнги каби уй ва ташқи аллергенлар;

• сигарет тутуни;

• респиратор инфекциялар;

• баҳорги гуллаш мавсуми;

• айрим дори ва овқатлар.

Муҳит ва эҳтиёт чораси

Шифокорлар астмани назоратда ушлаш учун қуйидагиларга амал қилишни тавсия этади:

• хона ҳавосини мунтазам алмаштириш;

• чангдан тозаловчи ускуналар ишлатиш;

• намлагичлардан фойдаланиш;

• оптимал ҳарорат ва намликни сақлаш;

• аллергенлар билан алоқани чеклаш;

• жунли гилам, аллергик ёстиқ-кўрпа, суварак ва ҳашаротлардан воз кечиш;

• тўғри овқатланиш тартибини йўлга қўйиш.

Астма назорат остида бўлиши мумкин

Касалликни эрта аниқлаш ва шифокор кўрсатмаларига қатъий амал қилиш орқали астма билан тўлиқ ва сифатли ҳаёт кечириш мумкин, дейди мутахассислар.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги беморларни профилактика ва доимий назорат остида бўлишга чақирмоқда.

    Бошқа янгиликлар