Ҳимолай тоғларида жойлашган ва учта ядровий давлат (Ҳиндистон, Покистон ва Хитой) билан чегарадош ҳудуд қаттиқ рақобат ва ҳудудий амбициялар маконига айланди.
Жорий йилнинг 22 апрель куни жангарилар Кашмирнинг Ҳиндистон томонидан бошқариладиган қисмида бир гуруҳ сайёҳларга ҳужум қилиб, камида 26 кишини ўлдирганида кескинлик яна бир бор намоён бўлди. Ҳиндистон бунга Покистонни алоқадорликда айблади.
Кашмирдаги можаронинг замонавий тарихи 1947 йилдан, Британия Ҳиндистони мустамлакаси ҳинд кўпчилигига эга Ҳиндистон ва мусулмон кўпчилиги Покистонга бўлинган пайтдан бошланади.
Ҳиндистон ҳам, Покистон ҳам тахминан 220 минг квадрат километр майдонга эга бўлган бутун Кашмир ҳудудига даъвогарлик қилади. Ҳозир у ерда 20 миллионга яқин одам яшайди - Ҳиндистон томонидан бошқариладиган ҳудудда тахминан 14,5 миллион, Покистон томонидан бошқариладиган ҳудудда тахминан 6 миллион ва Хитой томонидан бошқариладиган ҳудудда бир неча мингдан камроқ.
Рақиблар бир-бирини минтақада ҳаддан ташқари кўп қўшин жойлаштиришда айбламоқда, аммо ҳеч ким аниқ рақамларни эълон қилмаяпти.