АсосийЖамият

Самарқандда Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигига бағишланган халқаро илмий-амалий конференция давом этмоқда

Ушбу юксак даражадаги тадбирга дунёнинг 30 га яқин мамлакатидан 70 дан ортиқ нуфузли олимлар, муфтийлар, исломшунослар ва халқаро ташкилотлар вакиллари ташриф буюрди.

'Самарқандда Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигига бағишланган халқаро илмий-амалий конференция давом этмоқда'ning rasmi

Конференция Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан жамиятда диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида ташкил этилмоқда. Дин ишлари бўйича қўмита раисининг Ахборот масалалари бўйича маслаҳатчиси Илҳомжон Маърупов тадбирнинг мақсади ҳақида қуйидагича фикр билдирди:

— Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жамиятда диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик, ижтимоий барқарорликни таъминлаш, буюк аллома ва мутафаккирларимизнинг бой илмий маънавий меросини чуқур ўрганиш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ушбу ишларнинг узвий давоми сифатида 2025 йилнинг 29-30 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида ушбу “Мотуридийлик — бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти” номидаги халқаро конференция бўлиб ўтмоқда. Бу эса барча учун жуда фойдали ва керакли тадбирдир. Ўзбекистонда буюк алломаларимизнинг бой илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш ва уни кенг тарғиб қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Самарқандда бўлиб ўтаётган мазкур конференция ҳам айнан шу мақсадларга хизмат қилади. Бу тадбир халқаро ҳамжамиятда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Халқаро конференция доирасида иштирокчилар Имом Мотуридий мақбарасини зиёрат қилишди. Шунингдек, илмий сессиялар, мунозаралар ва тажриба алмашиш орқали мотуридийлик таълимотининг замонавий аҳамияти, унинг тинчлик, бағрикенглик ва ижтимоий уйғунликдаги ўрни муҳокама қилинмоқда.

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Шаҳзод Исломов конференциянинг аҳамияти ҳақида шундай деди:

— Бу анжуман юртимизда илм-фан, аждодлар мероси ва маданиятга бўлган чуқур ҳурматни бутун дунёга намоён этмоқда. Ташкилотчилар сафида Дин ишлари бўйича қўмита, Имом Мотуридий халқаро маркази, Халқаро исломшунослик маркази, Мусулмонлар идораси каби нуфузли ташкилотлар бор. Бу эса тадбирнинг халқаро миқёсдаги обрўсини янада оширади.

Маълумот учун, бугунги кунда 1,9 миллиардга яқин мусулмон аҳолисининг 750 миллиондан ортиғи мотуридийлик ақидавий мактабига мансуб ҳисобланади. Бу эса Имом Мотуридий меросининг нафақат тарихий, балки долзарб замонавий аҳамиятга ҳам эга эканлигини англатади. Самарқандда давом этаётган бу халқаро конференция юртимизнинг диний-маърифий соҳадаги етакчилик позициясини яна бир бор тасдиқламоқда.

    Бошқа янгиликлар