АсосийДунё

Москвада ҳарбий мулозим портлатиб ўлдирилди

Генерал ва унинг ёрдамчиси Москва шарқидаги Рязан проспектидаги кўп қаватли уйнинг кириш йўлагида аввалдан ўрнатилган бомбанинг портлаши оқибатида ҳалок бўлишган.

'Москвада ҳарбий мулозим портлатиб ўлдирилди'ning rasmi

Москвада Россиянинг Радиацион, кимёвий ва биологик ҳимоя қўшинлари бошлиғи генерал-лейтенант Игорь Кириллов портлаш оқибатида ҳалок бўлди. Генерал билан бирга унинг ёрдамчиси ҳам ҳалок бўлгани айтилмоқда.

Марҳумларнинг шахси дастлаб расман тасдиқланмаган, фақат 2 кишининг ўлими юзасидан жиноят иши қўзғатилгани хабар қилинган. Бироқ кейинчалик бу маълумот Россия Тергов қўмитаси томонидан расман тасдиқланди. 

Россия телеграм-каналларида тарқатилган маълумотларга қараганда, генерал ва унинг ёрдамчиси тонгги соат 6 ларда,  Москва шарқидаги Рязан проспектидаги кўп қаватли уйнинг кириш йўлагида аввалдан ўрнатилган бомбанинг портлаши оқибатида ҳалок бўлишган. Воқеа жойида тезкор хизматлар ишламоқда. 

Маълумот учун – Россия Радиацион, кимёвий ва биологик ҳимоя қўшинлари - ядровий, кимёвий ва биологик зарарланиш вазиятларида фаолият юритади.

                                    Абдуллоҳ Саййид

    Бошқа янгиликлар