ЎзЛиДеП фракцияси йиғилишида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига жамоат транспортидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги модда киритилиб, жамоат транспорти учун алоҳида ажратилган йўлакларда ҳаракатланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.
Ушбу ҳаракатни биринчи марта содир этганлик учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари миқдорида, бир йил давомида такроран содир этилган бўлса – базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида, ёндош ҳудуддан чиқиб, жамоат транспорти учун алоҳида ажратилган йўлакни бўшатган ҳолда, йўлнинг қатнов қисмига ўтаётган транспорт воситаларига йўл бермаслик – базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари миқдорида жарима белгиланмоқда.
Шунингдек, йўл ҳаракати қоидаларида жамоат транспорти учун алоҳида ажратилган йўлакларда ҳаракатланиш тартиби назарда тутилмоқда.
Унга кўра, мазкур йўлакдан фақат йўналишли жамоат транспорти воситалари ҳаракатланиши ҳамда бошқа транспорт воситалари ушбу йўлакда ҳаракатланиши тақиқланиши, фақат ёндош ҳудудга кириш ёки чиқиш мақсадида ҳамда бурилиш жойига кўпи билан 50 метр масофада (ёки яқин узуқ-узуқ чизиқли жойгача) ҳаракатланиши мумкинлиги белгиланмоқда.






