Жорий йилнинг 23 ноябрь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори, профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов эгаллаб турган вазифасидан ажралмаган ҳолда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг Ёшлар ишлари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабар қилди.
Унга кўра, Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти, Миср Араб Республикасининг Қоҳира давлат университети ва Тошкент давлат шарқшунослик институтини тамомлаган.
Шунингдек, Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов ўз фаолияти давомида Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи, Ўзбекистон халқаро ислом академияси проректори, кафедра мудири вазифаларида меҳнат қилган.
Маълум қилинишича, сиёсий фанлар доктори (DSc), профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов 2023 йил январь ойидан ҳозирга қадар Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори вазифасида фаолият юритиб келмоқда.
23.11.2023 18:26
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисига ўринбосар тайинланди






