Тошкент шаҳри марказида тирбандликларга сабаб бўлаётган Нукус ва Бобур кўчаларидаги таъмирлаш ишлари 2-3 ноябрь кунлари тугатилади. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги хабар қилди.
Қайд этилишича, ишлар доирасида асфальт қопламасини янги технологиялар асосида янгилаш, янги йўл усти белгиларини чизиш, ҳудудга қўшимча дарахт ва буталар экилиши кўзда тутилган.
"Бўлиб ўтаётган кенг кўламли йўл таъмирлаш ишлари аҳоли норозилигига, тирбандликларга сабаб бўлди. Шу билан бирга, ёғингарчиликлар сабабли ҳамда кундузги тирбандликларни бироз камайтириш мақсадида ишлар асосан тунги соатларда амалга оширилмоқда. Бу вазият учун шаҳримиз аҳолиси ва меҳмонларидан узр сўраймиз", — дейилади ҳокимлик хабарида.






