“Silk Road Samarkand” сайёҳлик мажмуасининг конгресслар залида Бутунжаҳон туризм ташкилоти (ЮНВТО) Бош Ассамблеясининг юбилей 25-сессияси доирасида биринчи ялпи мажлис бўлиб ўтди. Бу ҳақда Darakchi.uz мухбири хабар берди.
Тадбирда 140 та давлатдан делегатлар, туризм вазирлари ва туризм маъмуриятлари раҳбарлари, халқаро ва маҳаллий ташкилотлар, миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Йиғилишни ЮНВТО Бош Ассамблеясининг 25-сессиясини ўтказиш бўйича Ўзбекистон ҳукумати ташкилий қўмитаси раисининг ўринбосари Азиз Абдуҳакимов очиб берди.
“Туризм жаҳон иқтисодиётининг энг тез ривожланаётган соҳасидир. CОВИД-19 нинг жиддий таъсирига қарамай, глобал туризм барқарорлигини исботлади ва тезда тикланди.
2022 йилда дунё бўйлаб қарийб 1 миллиард киши саёҳат қилди – бу пандемиядан олдинги даврга нисбатан 66 фоизни ташкил этади. Ўзбекистон жорий йилда 7 миллионга яқин хорижий сайёҳни қабул қилишни режалаштирмоқда, бу 2016-йилга нисбатан беш баравар кўп. Келгуси йилда эса 10 миллион сайёҳни жалб қилишни режалаштирганмиз.
Ўзбекистонда туризм ривожи Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Бош Ассамблеянинг 25-сессияси очилишида эълон қилинган туризм соҳасидаги ташаббуслар билан белгиланади. Улар орасида 2030 йилгача туризмни ривожлантириш стратегиясини тузиш, авиақатновлар, автомобил ва темир йўл тармоқларини кенгайтириш, ҳар бир аэропортда “Очиқ осмон” режимини жорий этиш, глобал хавфсиз туризм кодексини ишлаб чиқиш, сайёҳларни Ўзбекистонга янада кўпроқ жалб этишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган “яшил” туризмни ривожлантириш кабилар бор”, — деди А.Абдуҳакимов.
Шунингдек, ташкилий қўмита раисининг ўринбосари туризм ва яшил ривожланиш соҳасида инвестициялар ҳамда хусусий секторнинг ҳиссаси муҳимлигини таъкидлади.
“Ўзбекистон ҳукумати Бош Ассамблеянинг 25-сессиясига тайёргарлик кўриш жараёнида сўнгги икки йили давомида туризмга оид вазифаларни белгилаб олди, зарур ҳуқуқий ва бизнес асослари яратилди. Биз муҳим инфратузилмага, жумладан, тарихий жойларни тиклаш, кўприклар ва йўллар қуриш, сув ва энергетика тизимларини янгилашга 1 миллиард доллар сармоя киритдик.
Шунингдек, хусусий сектордан қўшимча 2 миллиард доллар жалб этилди. Хусусий тадбиркорлар томонидан Самарқанд шаҳрида 60 та янги меҳмонхона барпо этилди, яна 40 та меҳмонхона таъмирланди, Самарқанд аеропортида янги терминал қурилиб, фойдаланишга топширилди, шунингдек, Марказий Осиёдаги энг йирик МИCЕ туризм мажмуаси бўлган “Silk Road Samarkand”туристик маркази қурилди. Бундан ташқари, ушбу лойиҳаларнинг аксарияти яшил инвестициялардир. Масалан, бугунги кунда мажмуада фойдаланилаётган электр энергияси тоғ ёнбағрида ўрнатилган улкан қуёш батареясидан олинади”, – деди А.Абдуҳакимов.
Ялпи мажлисда нутқ сўзлаган ЮНВТО Бош котиби Зураб Пололикашвили ташкилот томонидан амалга оширилган ишларга алоҳида тўхталди. Хусусан, ЮНВТО бошқа ташкилотлар, давлатлар билан алоқаларни яхшилаганини, бутун дунёда туризм бозори кенгаяётганини таъкидлади.
“2023 йилда бюджетнинг мунтазам даромади 14,3 миллион еврони ташкил қилади. Сўнгги икки йил ичида молиявий менежментда мисли кўрилмаган муваффақиятга эришдик: ЮНВТО бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан бюджетини икки баравар оширди. Бу маблағлар ташкилотга аъзо давлатларда туризм соҳаси ривожи учун сарфланади, — деди Зураб Пололикашвили. — ЮНВТО ҳозирда 58 миллат вакилларидан иборат 186 нафар ходимга эга. Биз ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлашни кучайтирдик. Шунингдек, гендер тенглигига ҳам амал қиляпмиз. Келажакда Аргентина, Хитой, Ҳиндистон, Ўзбекистон каби давлатлардаги фаолиятимизни янада кучайтириш ниятидамиз. Мақсадимиз туризм соҳасида таълимни кучайтириш, инвестицияларни ошириш ва изчил ислоҳотлар орқали туризм соҳасини янада ривожлантиришдир. Қолаверса, ташкилот сафини янада кенгайтириш ҳаракатидамиз”.
Зураб Пололикашвили ЮНВТОга аъзо давлатларга ташкилотга бўлган ишонч учун миннатдорлик билдирди.
Йиғилишда ташкилот фаолиятига оид ҳисобот тингланди. Шунингдек, туризм соҳасига оид долзарб масалалар муҳокама қилинди.






