Aёллар жамиятда ҳар доим алоҳида рол ўйнайди. Улар нафақат болаларни тарбиялайди, балки уй ишларини бажаради, яхши ва ёмон кунларда оиласига қўлидан келганча ёрдам беради.
Aфсуски, кўплаб аёллар мураккаб ҳаётий вазиятларга тушиб қолишади. Ҳатто айрим аёллар ҳаётдан тўйиб кетиб, ўзига суиқасд қилиш ҳолатига ҳам тушиб қолишади. Шу пайтда улар ёрдамга айниқса муҳтож бўлади.
Буларнинг барини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси томонидан 2023 йилнинг 1 сентябрь ҳолатига кўра:
– кам таъминланган оилалардаги 2 137 нафар хотин-қизларга жарроҳлик амалиёти ўтказиш ҳамда даволаш орқали соғлом ҳаётга қайтариш учун қарийб 21,9 млрд сўм;
– ногиронлиги бўлган 8 000 нафар хотин-қизларга ногиронлик аравачалари, эшитиш мосламалари ва бошқа реабилитация воситаларини харид қилиш учун 9,9 млрд сўм;
– зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика маркази, шунингдек, уларнинг ҳудудий бўлимларини сақлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш мақсадида 10,9 млрд сўм маблағ тўлаб берилди.
2022 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб хусусий секторда банд бўлган аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини минимал истеъмол харажатларининг миқдоридан келиб чиқиб бюджет маблағларидан тўлаб бериш тартиби йўлга қўйилди
Маълумот учун: 2022 йилда 3 735 нафар аёлга 7 млрд.сўм маблағдан ортиқ, 2023 йилнинг 1 сентябрь ҳолатига кўра 10 459 нафар аёлга 20,8 млрд.сўм маблағдан ортиқ ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси ижтимоий суғурта жамғармасидан тўлаб берилди;
Хотин-қизларга фоизсиз таълим кредити ажратиш тизими жорий қилинди. 2022 йил давомида 127 000 нафар талаба хотин-қизларга 1 250,5 млрд.сўм миқдорида фоизсиз таълим кредитлари ажратилди.
Базавий тўлов-контракт асосида давлат олий таълим муассасасига қабул қилинган, ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳисобидан тўлов-контракт пулларини тўлаб бериш тизими йўлга қўйилди.
Шунингдек, давлат олий таълим муассасасида магистратура босқичида таҳсил оладиган хотин-қизларга тўлов-контракт маблағларини қайтариш шартисиз Давлат бюджети ҳисобидан тўлаб бериш тартиби жорий этилди.
Натижада, 2022 йилда 68,3 млрд.сўм Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 2022-2023 ўқув йилида давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичига тўлов-контракт асосида қабул қилинган ва таълим олаётган 12 300 нафар хотин-қизларнинг биринчи ўқув босқич тўлов-контракт суммаси тўлаб берилди.
Жорий йилда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 14 269 нафар магистратура босқичида таълим оладиган хотин-қизларга 85,1 млрд.сўм маблағ тўланди. Давлат бюджетидан 2023 йилда мазкур мақсадлар учун 200,0 млрд. сўм маблағ кўзда тутилган.






