АсосийJamiyat

Сенат ва Фанлар академияси ҳам Ботаника боғининг Тошкент ҳокимлигига берилишига қарши чиқди

'Сенат ва Фанлар академияси ҳам Ботаника боғининг Тошкент ҳокимлигига берилишига қарши чиқди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан тайёрланган “Истироҳат боғлари фаолияти ва бошқарув тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси, жумладан ундаги Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника институти ҳузуридаги Ф.Н. Русанов номидаги Тошкент Ботаника боғининг истироҳат боғлари қаторида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузурида ташкил этилиши режалаштирилган Истироҳат боғлари Дирекциясига ўтказиш бўйича қарор лойиҳасига ўз муносабатини билдирди. Бу ҳақда Фанлар академияси ахборот хизмати хабар берди. 

Хабарда айтилишича, қарор лойиҳаси келишув учун порталга жойлаштирилганда Фанлар академияси уни ниҳоятда салбий руҳда қабул қилган. 

Ўрнатилган тартибга биноан қарор лойиҳаси идоралараро келишув тарзида амалга оширилади. Қарор лойиҳаси келиб тушган куннинг ўзидаёқ Фанлар академияси қарор лойиҳаси юзасидан Давлат активларини бошқариш агентлигининг масъул ижрочиси билан боғланди ва Ботаника боғини рўйҳатдан чиқариб ташлаш лозимлигини таъкидлади. Шундан сўнг, юқори турувчи органлар оғзаки тарзда хабардор қилинган. 

Фанлар академиясининг мутаҳассислари томонидан асоснома тайёрланиб, ўрнатилган тартибга биноан белгиланган муддатдан чиқиб кетмаган ҳолда, project.gov.uz тизими орқали Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасининг 1-иловаси 193-тартиб рақам билан келган “Ботаника боғи”ни рўйхатдан чиқариб ташлаш қатъий талаб қилинди. Фанлар академиясининг эътирозларини инобатга олиб, Давлат активларини бошқариш агентлиги Қарор лойиҳасидан Ботаника боғини чиқариб ташлашига академия умид боғлади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 31 майдаги “Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  ПҚ-171-қарорига мувофиқ Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига Фанлар академияси билан биргаликда “Академик Ф. Русанов номидаги Ботаника боғи фаолиятини такомиллаштириш, шу жумладан, илмий салоҳиятини кучайтириш, моддий-техник базасини яхшилаш, ҳудудларда уларнинг тажрибасини қўллаш ва филиалларини ташкил этиш” бўйича Ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди ва идоралараро келишувга жойлаштирилди. 

Мазкур қарорни қабул қилиниши Ботаника боғининг имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда республикада биохилма-хиллик соҳасини илмий жиҳатдан ўрганиш тизими такомиллаштирилади ва Ботаника боғини бошқа вазирлик ва идораларга ўтказиш имкониятини чеклайди.

Мазкур вазиятга ўз муносабатини билдирган барча ОАВ вакиллари, блогер ва фуқароларга  ташаккур билдирамиз, дейилади хабарда.

 

Шунингдек, ушбу ҳолатга Олий Мажлис сенатининг Оролбўйини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси ҳам расмий муносабат билдирди. Муносабатда қуйидагилар айтиб ўтилган: 

Лойиҳага биноан Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги “Истироҳат боғларини бошқариш дирекциялари” давлат муассасалари балансига ўтказиладиган истироҳат боғлари рўйхатига Тошкент Ботаника боғи ҳам киритилган.
Таклиф этилаётган лойиҳада эса истироҳат боғлари ҳудудларини савдо ва пуллик хизматлар кўрсатиш учун ижарага бериш, аттрационлар ўрнатиш кўзда тутилмоқда.
Боғнинг мақомини ўзгартириш ва тижорат, ўзини-ўзи таъминловчи истироҳат боғини ташкил этиш бу боғнинг алоҳида илмий аҳамиятга эга бўлган узоқ йиллик коллекцияларининг йўқотилишига олиб келади.
Ботаника боғи коллекциялари, Марказий гербарий фонди, ғўзанинг ноёб генофонди ва бошқалар Фанлар академияси ноёб биологик обектларининг ягона мажмуасини ташкил этиб, Ўзбекистоннинг миллий бойлиги ҳисобланади.
Қайд этиш жоизки, “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунга асосан (18-модда) Тошкент ботаника иститути ўз мақомига кўра, ўсимлик дунёсини ва унинг генетик фондини сақлаб қолиш, камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг турларини сунъий яратилган шароитларда ўрганиш, иқлимга мослаш ва такрор кўпайтириш, илмий, ўқув ҳамда таълим ишларини олиб бориш, ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш бўйича билимларни тарғиб қилиш илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади. Боғ ҳудудида ушбу боғларни ташкил этиш мақсадларига мувофиқ бўлмаган ва ўсимлик дунёсининг сақланиб қолишига таҳдид солувчи фаолият тақиқланади.

Бугунги кунда Тошкент Ботаника боғи дунёдаги 43 та йирик Ботаника боғлари қаторидан жой олган ҳамда боғдаги тўпланган коллецион ўсимликларнинг турлари генофонди ва сони хилма-хиллиги бўйича Марказий Осиёдаги йирик ноёб муассаса ҳисобланади.

Боғда айни пайтда 2450 дан ортиқ гулли-манзарали дарахт ва буталар ҳамда доривор ўсимлик турлари мавжуд бўлиб, улардан 100 дан ортиқ тури Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган ноёб ва йўқолиб бораётган ҳамда эндемик турлар ҳисобланади.

Боз устига 2021 йилда Тошкент Ботаника боғи дунёнинг 118 та давлатидаги 800 та ботаника боғлари билан иш олиб борувчи ҳамда ўсимликларни сақлаб қолиш бўйича ўзаро ҳамкорлик олиб борувчи дунёдаги энг йирик тармоқни ташкил этувчи Халқаро Ботаника боғларини ҳимоя қилиш (Ботаниc Гарденс Cонсерватион Интернатионал) ташкилотига аъзоликка қабул қилинган.

Шунингдек, Тошкент Ботаника боғи 2012 йилдан Халқаро Фанлар академияси ассоциацияси қошидаги МДҲ Ботиника боғлари Кенгаши аъзоси ҳисобланади.
Халқаро ҳуқуқ нормаларига кўра, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизимини ривожлантириш, уларни бошқариш ва бутлигини сақлаш ҳамда самарали фаолият юритишини таъминлаш ҳар бир давлатнинг биринчи даражали вазифаси сифатида эътироф этилган.

Ўзбекистон Республикаси ҳам 1995 йилда Биологик хилма-хиллик тўғрисидаги Конвенсияга қўшилган давлат сифатида барқарор ривожланиши учун биологик хилма-хилликни сақлаш ва ундан барқарор фойдаланишни таъминлаш, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларни ривожлантириш ва кенгайтириш, табиий экологик тизимларнинг таназзулга учраши суръатларини пасайтириш, ҳайвонот ва ўсимлик дунёси обектларининг камёб ва йўқолиб бораётган турларини қайта тиклаш соҳасидаги мажбуриятларни ўз зиммасига олган.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, Олий Мажлис Сенатининг Оролбўйини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси Вазирлар Маҳкамасининг “Истироҳат боғлари фаолияти ва бошқарув тизимини тубдан такомиллаштириш” тўғрисидаги қарори лойиҳасига илова қилинган рўйхатдан Тошкент Ботаника боғини чиқариб ташлашни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди, дейилади сенат хабарида. 

Эслатиб ўтамиз, сал аввал ушбу ҳолатга Экопартия ҳам қарши чиққани ҳақида хабар берган эдик. 

    Бошқа янгиликлар