Бугун, 11 июль куни соат 14:00 лар атрофида Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган Чотқол давлат биосфера қўриқхонасининг Майдонтол ва Лайлакчи бўлимлари ҳудудида ёнғин содир бўлган. Бу ҳақда ФВВ хабари берди.
Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин майдони ўрмоннинг 10 гектардан 20 гектаргача бўлган ҳудудни ташкил этади. Воқеа жойига Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ўрмон ёнғинларини бартараф этиш бўйича махсус отряди ходимлари етиб борган. Шунингдек, ёнғинни бартараф этишга Мудофаа, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирликлари ҳамда бошқа ихтисослаштирилган тузилмаларнинг куч ва воситалари ҳам жалб этилган.
Яқин вақт ичида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ушбу ёнғинни ўчириш бўйича қўшимча маълумот тақдим этади. Вазият тўлиқ назорат остида, дейилади расмий хабарда.






