АсосийJamiyat

Тошкентда “Ўзгарувчан дунёда Марказий Осиё” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди

'Тошкентда “Ўзгарувчан дунёда Марказий Осиё” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди'ning rasmi

Жорий йилнинг 7 июль куни Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (ЖИДУ) ҳузуридаги Истиқболли халқаро тадқиқотлар институти (ИХТИ) томонидан “Ўзгарувчан дунёда Марказий Осиё” мавзусида халқаро конференция ташкил этилди.

Халқаро конференция давомида ИХТИ раҳбарияти, шунингдек, Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Ташқи сиёсатни ўрганиш институти бошқаруви раиси, Элчи Б.Нургалиев (Қозоғистон), Уорвик университети қошидаги Глобал барқарор ривожланиш институти директори Е.Коростелева (Буюк Британия), Глобал тадқиқотлар институти президенти, Элчи A.Сажанхар (Ҳиндистон), Глазго университети профессори Л.Анчески (Буюк Британия), Берлин халқаро сиёсий тадқиқотлар институти етакчи таҳлилчиси А.Рар (Германия) ва Рой Энтони Рожерс, Малайзия университети Осиё Европа институти директори ўринбосари (Малайзия) сўзга чиқишди.

Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, ЖИДУ ректори С.Сафоев ўзининг кириш нутқида бугунги кунда дунё жадал ўзгараётганини таъкидлади. Халқаро муносабатлар тизимида туб ўзгаришларнинг мураккаб кўп босқичли жараёни давом этмоқда. ЖИДУ ректори сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президент Ш.Мирзиёевнинг янгиланган ташқи сиёсатининг муваффақиятли амалга ошириб бориши натижасида Ўзбекистон минтақавий мавқеъга эга давлат мақомини ишонч билан қўлга киритаётганини қайд этди. Бу, биринчи навбатда, Марказий Осиёдаги самарали ҳамкорлик, шунингдек, янги истиқболли ҳамкорлар ва дипломатия йўналишларини излаш орқали ташқи сиёсатимизни муваффақиятли диверсификация қилиш жараёни туфайли рўй бермоқда.

Маърузалар ва муҳокамаларда халқаро муҳитнинг тубдан ўзгариши жаҳон иқтисодиёти ва сиёсати учун ўта салбий оқибатларга олиб келгани қайд этилди. Жаҳон тартиботи бузилмоқда, бу ўз навбатида протекционизм, савдо ва технологик қарама-қаршиликнинг кучайишига хизмат қилиб, глобал таъминот занжирининг бузилиши ва халқаро савдонинг либерал тамойилларини қадрсизланишига олиб келмоқда.

Марказий Осиё бу барча хавф ва таҳдидлар кундан-кунга янада яққолроқ кузатилаётган минтақа экани таъкидланди. Евроосиёнинг марказида жойлашган минтақа Шарқий ва Жанубий Осиёнинг, Яқин Шарқнинг, Шарқий, Марказий ва Ғарбий Европанинг иқтисодий жиҳатдан ривожланган мамлакатларини географик ва транспорт-логистик жиҳатдан боғлаш имконияти мавжуд ҳудуд сифатида юқори стратегик аҳамиятга эга.

Янги шароитда Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолият фалсафасини қайта кўриб чиқиш, қатъий тамойиллар асосида ишончли ва фаол дипломатияни изчил олиб бориш учун стратегик масъулиятни ўз зиммасига олиши зарурлиги маърузачилар томонидан алоҳида таъкидланди. Ўзбекистон учун бу, биринчи навбатда, глобал инқироз ва нотинчлик, халқаро ривожланиш парадигмасининг ўзгаришини ҳисобга олган ҳолда жаҳон сиёсатининг янги воқеликларига жиддий мослашиш демакдир. Ўзбекистон дипломатиясининг сўнгги йилларда кузатилаётган Шарқ ва Жануб томон стратегик бурилиши ўзгарувчан дунё воқейиликлари ва мамлакатнинг миллий манфаатларига тўлиқ мос келади. Ўзбекистон, Марказий Осиёдаги фаол минтақавий сиёсатини давом эттириб, шу билан бирга, МДҲ ва етакчи саноати ривожланган мамлакатлар билан анъанавий ҳамкорликни чуқурлаштириш муҳимлигини инобатга олган ҳолда, халқаро муносабатлар тизимида ўз ўрнини эгаллаши бўйича янги қарашларини ишлаб чиқиш вақти келди.

Маҳаллий ва хорижий экспертлар Ўзбекистоннинг турли Шарқ ва Жануб мамлакатлари билан ўзаро ҳамкорлигини ривожлантириш зарурлигини таъкидладилар. Авваламбор бу Шимолий Африкани ўз ичига олувчи Катта Яқин Шарқни ҳамда Жанубий-Шарқий Осиё минтақасини кўзда тутади. Улар билан савдо, сармоявий, технологик, гуманитар алоқаларни қайта кўриб чиқиш, сўнгра “Марказий Осиё – Яқин Шарқнинг етакчи мамлакатлари” (Саудия Арабистони, Миср, Қатар, БАА, Уммон), шунингдек “Марказий Осиё - АСЕАН" диалог платформаларини яратиш зарурлиги таъкидланди.

Марказий Осиё Ўзбекистон ташқи сиёсатининг энг муҳим йўналиши бўлиб қолиши ҳақида фикр билдирилди. Бу ўринда сўз нафақат минтақада эришилган ижобий ўзгаришларни мустаҳкамлаш, балки ўсиб бораётган глобал ноаниқликдан келиб чиқадиган хавфларга жавоб беришни англатади. Агар ўтган йилларда асосий эътибор минтақа мамлакатларининг ҳар томонлама  ўзаро боғлиқлигини тиклашга қаратилган бўлса, келгуси даврда барқарорлик ва хавфсизлик асосий йўналишларга айланиб бормоқда. Бу Ўзбекистон ташқи сиёсати олдига қуйидаги иккита вазифани қўяди: 1) минтақавий ва макро-минтақавий даражада беқарорлик хавфини камайтириш; 2) бошқа минтақалардаги беқарорлик фонида барқарорликни параллел равишда капиталлаштириш.Халқаро конференция якунлари сарҳисобида, барча тадбир иштирокчилари узоқ муддатли характерга эга глобал воқеликлар Ўзбекистон ва унинг ислоҳотлари учун янги муҳит яратиши ҳақида фикр билдирдилар. Шу билан бир қаторда, ҳозирги геосиёсий воқейилик жуда динамик характерга эга эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак, унга янги тенденциялар ва нюанслар қўшилади. Буларнинг барчаси Ўзбекистон ва унинг ташқи сиёсати учун умумий ноаниқлик муҳитини яратади. Жаҳон сиёсий тизимининг ўзгариб бориши янгича ёндашув, мамлакат ташқи сиёсатининг устувор йўналишларини тубдан қайта кўриб чиқишни талаб қилади.

    Бошқа янгиликлар