АсосийJamiyat

Тошкентда автомобилни олиб қочган "мойкачи" қурол билан тўхтатилди

'Тошкентда автомобилни олиб қочган "мойкачи" қурол билан тўхтатилди'ning rasmi

Миробод тумани, Қўйлиқ – 4 мавзесида жойлашган автомобил ювиш шаҳобчаларининг биридан, шу ерда ишловчи 1998 йилда туғилган Абдурахимов Мухамад Шухрат ўғли, 1995 йилда туғилган фуқарога тегишли Gentra автомашинасини олиб қочган. Тошкент шаҳар ИИББ хабарига кўра, транспорт воситасини олиб қочган шахсни ушлаш мақсадида Тошкент шаҳрида махсус режа амалга оширилган.

Қайд этилишича, гумонланувчи йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиб, транспорт воситасини катта тезликда бошқарган ва светофорнинг тақиқловчи чироғига ҳамда йўл-патрул хизмати инспекторларининг тўхташ ҳақидаги қонуний талабларига бўйсунмаган. Олинган маълумотга асосан транспорт воситаси Махтумқули кўчаси бўйлаб Мирзо Улуғбек кўчасидан "Янги Ўзбекистон боғи" томонга ҳаракатланиб кетаётганлиги аниқланган.

Натижада соат 09.45 ларда Махтумқули кўчасидаги чорраҳада Тошкент шаҳар ИИББЙҲХБ инспекторлари томонидан йўл тўсилиб, олиб қочилган транспорт воситасини тўхтатиш чоралари кўрилган. Бироқ гумонланувчи ЙПХ инспекторларининг қонуний талабларига бўйсунмай, тўхташдан бош тортган ҳамда транспорт воситасида фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдириб, йўлда қарама-қарши ҳаракатланган. Натижада 3 та автомашинага қасддан техник шикаст етказиб, ички ишлар органи ходимларининг ҳаётига хавф туғдирган ҳолда транспорт воситасини ИИО ходимлари тарафга бошқаришда давом этган.

Кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида, автомашинани олиб қочган шахс Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан ушланган. Жиноят содир этган шахсни ушлаш жараёнида бошқа оғирроқ оқибатларни олдини олиш мақсадида «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонуни талаблари асосида ИИО ходимлари ўзларига бириктирилган ўқотар қуролни қўллаганлар. Маълум қилинишича, қуролни қўллаш жараёнида ҳеч кимга шикаст етмаган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 267-моддаси («Транспорт воситасини олиб қочиш») билан жиноят иши қўзғатилган. Гумон қилинувчи процессуал тартибда ушланган.

    Бошқа янгиликлар