АсосийJamiyat

"Ремонт" ва "Сўнгги қўнғироқ" учун пул йиғиш қатъиян тақиқланади!

'"Ремонт" ва "Сўнгги қўнғироқ" учун пул йиғиш қатъиян тақиқланади!'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда “Мактаб маъмурияти ота-оналардан “Сўнгги қўнғироқ” тадбири учун пул йиғмоқда” сарлавҳаси билан хабарлар тарқалган эди. 

Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг маълум қилишича, ҳолат Юнусобод туманидаги 17-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида содир бўлган. Битирувчи синф Ота-оналар кузатув Кенгаши раиси мактаб  маъмуриятини огоҳлантирмасдан ўқувчиларнинг ота-оналар учун ташкил этилган телеграмм мессенжеридаги гуруҳга пул йиғими тўғрисида таклифини айтган. Бундан на мактаб маъмурияти ва на синф раҳбарининг хабари бўлмаган. Мазкур таклифни шу гуруҳдаги ота-оналардан бири ижтимоий тармоқ саҳифалари орқали чоп этганлиги аниқланган.

Ижтимоий тармоқларда хабар тарқалгач, мактаб маъмурияти томонидан навбатдан ташқари педагоглар Кенгаши ҳамда ота-оналар кузатув Кенгашларининг йиғилишлари ўтказилган. Синф раҳбарлари ва ўқитувчилар ота-оналардан “Сўнгги қўнғироқ!” ва бошқа тадбирлар учун ҳеч қандай пул йиғимларини амалга оширмасликлари бўйича яна бир маротаба огоҳлантирилган. Агар шундай ҳолатга йўл қўйилса, унинг иштирокчи ва ташаббускорларига нисбатан қонун доирасида чора кўрилиши эслатиб ўтилган.

Шунингдек, ота-оналар кузатув Кенгаши йиғилишида ўзбошимчалик билан ташаббус кўрсатган ота-оналардан тушунтириш хатлари олинган. “Ташаббускор” ота-оналар ўз хатти-ҳаракатлари учун  мактаб маъмуриятидан узр сўрашган. Бошқа бундай ҳолатга йўл қўйилмаслигини билдиришган.

"Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқлар орқали мактаблар ва мактабгача таълим ташкилотларида турли хил тадбирлар ўтказиш учун ўқувчилардан пул маблағлари йиғилаётганлиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

Таълим муассасаларида таъмирлаш (ремонт) учун, турли тадбир (сўнгги қўнғироқ) ва байрамлар учун пул йиғиш қатъиян тақиқланади!

️Агар Сиз, қайсидир мактаб ёки мактабгача таълим ташкилотларида пул йиғиш билан боғлиқ ҳолатлар ҳақида хабардор бўлсангиз, Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг  Ишонч телефони — 71-2370830 рақами орқали мурожаат қилишингиз сўралади", - дейилади расмий муносабатда.

 

    Бошқа янгиликлар