Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманида автомашинасида келиб чиқиши номаълум гўшт маҳсулотларини олиб кетаётган ҳайдовчи аниқланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар берди.
Жорий йилнинг 11 май куни Кўкдала тумани «Умакай» мунтазам ЙПХ масканида Қарши — Тошкент йўналишида ҳаракатланиб келган Lacetti русумли автомашина тўхтатиб текширилган. Текширув давомида автомашина салонидан ва юкхонасидан келиб чиқиши номаълум бўлган гўшт маҳсулотлари аниқланган.
Шундан сўнг Кўкдала туманида яшовчи Э Ш.нинг бошқарувидаги автомашинадан 118 кг гўшт ҳужжатлаштириб олинган.
Гўшт маҳсулотларининг сифатини аниқлаш мақсадида Қашқадарё вилоят ҳайвонлар касалликлар ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат марказининг лабораториясига олиб келиниб, текширувидан ўтказилганда истеъмолга яроқсизлиги аниқланган.
“Мазкур ҳолат юзасидан фуқарога маъмурий баённома расмийлаштирилиб, гўшт маҳсулотлари йўқ қилинди”, — дейилади хабарда.






