Ижтимоий тармоқларда жорий йилнинг 18 февраль куни "Шарқ" йўловчи поездининг “Самарқанд — Тошкент” йўналишида ҳаракатланган россиялик сайёҳ ўзининг купесида мавжуд камчиликлар ҳақида тайёрлаган видеолавҳа тарқалди.
Ҳолатга “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ расмий муносабат билдирди.
Мазкур ҳолат юзасидан тезкор йиғилиш ўтказилган. Кўрсатилган камчиликлар юзасидан ушбу санада хизмат вазифасини олиб борган вагон кузатувчилари ва поезд бошлиғига қатъий интизомий жазо қўлланилган. Ҳозирги кунда барча йўналишлар ҳаракати давомида йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатишини текшириш мақсадида ишчи гуруҳ қўшимча фаолиятини бошлаган.
“Видеолавҳада айтиб ўтилган йўналишнинг чипта нархи 100 АҚШ долларидан ошиқлиги ҳақиқатга тўғри келмайди, сайёҳ мазкур йўналиш учун чиптани Россия Федерациясининг «RJD» сайтидан электрон тарзда 4213,9 рублга расмийлаштирган. Мазкур вагон люкс тоифасида бўлиб, 4 та купедан иборат ва фақат 8 та йўловчи учун хизмат кўрсатади. Ушбу йўналиш чипта нархи 385 980 сўм ҳисобланади”, — дейилади хабарда.






