Ижтимоий тармоқларда ярим ялонғоч кийимдаги аёлнинг ахлоқсиз қилиқлари тасвирга олинган видео тарқалди. Унда аёлни Бухоро вилояти, Қоракўл туманидаги 4-мактаб психологи эканлиги айтилган.
Вилоят Ички ишлар бошқармасининг аниқланишича, видеороликдаги қиз, Қоракўл тумани “Тинчлик” маҳалласида яшовчи, 2007 йилда туғилган, 4-мактабнинг 10 синф ўқувчиси Т.Ш. У ушбу видеотасвирни тахминан икки йил олдин ўз уйида ва телефонига олган. Ушбу видеотасвир ўзига номаълум бўлмаган ҳолатда ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетган.
Тасвирларнинг ижтимоий тармоқларда тарқаб кетганидан сўнг, қизнинг бувиси Т.Т. туман ИИБга арз қилиб, ушбу видеони интернет тармоғида тарқатиб, неварасининг шаъни ва қадр-қимматини камситганларга нисбатан қонуний чора кўришларини сўраган.
Маълум қилинишича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 141/3-моддаси 2-қисми “в” банди (ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларини ошкор қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда тезкор техник, суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
"Жиноят иши доирасида айбдорларнинг шахсига тўла аниқлик киритилиб, уларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади ҳамда жиноят учун жазо муқаррарлиги таъминланади.
Ҳурматли ижтимоий тармоқ кузатувчилари, мустақил журналист ва блогерлар!
Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ушбу ҳолатни турлича талқин қилмасликларингизни, тергов ҳаракатларининг одилона, холис ва тўлақонли олиб борилишига шубҳа туғдирмасликларингизни сўраб қоламиз" - дейилади ИИБ баёнотида.






