Куни кеча Сергелида аёл 3 нафар фарзанди билан ўзини 9-қаватдан пастга ташлагани ҳақида хабар берган эдик.
Бош прокуратура матбуот хизматинг хабар беришича, 3 апрель куни соат 19.20 ларда Сергели тумани 8-мавзедаги кўп қаватли уйда яшаб келган аёл икки нафар ўғли ва бир нафар қизини қасддан ўлдириш мақсадида, 9-қаватдан бирин-кетин деразадан ташлаб юбориб, сўнгра ўзи ҳам ойнадан сакраб жонига қасд қилган.
Оқибатда барчаси воқеа жойида вафот этишган.
Darakchi.uz ҳодиса жойида бўлиб марҳуманинг қўшнилари билан суҳбатлашди.
"Уйи ёнгани учун онасиникига келган. Шу ерда вақтинчалик яшаб туришган. Бировга зарари тегадиган оила эмас. Уч қиз бир ўғил эди",–дейди марҳуманинг қўшнилари.
Маълумотларга кўра, марҳума аёл Тошкент вилояти Зангиота туманида турмуш ўртоғи билан истиқомат қилган хонадонда 2022 йил октябрь ойида ёнғин содир бўлганлиги сабабли 3 нафар фарзанди билан онасининг уйида истиқомат қилиб келган ҳамда ушбу ҳолатлар унинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатган. Бироқ маҳалла фаоллари марҳума ва онасининг муносабатлари яхши бўлганини айтишди.
"35 йилдан бери шу маҳаллада яшайман. Кеча бўлган воқеани бугун эрталаб эшитдим. Менга телефон қилиб айтишди, шокка тушиб қолдим. Бу оила бирор марта маҳалладан ёрдам сўраб чиқмаган, ўзига тўқ оила",–дейди "Соҳибқирон" МФЙ нуронийлар кенгаши аъзоси Қобулжон Расулов.
Кеча тунда ҳодиса содир бўлгач ижтимоий тармоқларда аёлнинг ҳолати ҳақида турли тахминлар айтилди. Кимдир марҳуманинг эри иккинчи хотини билан "Умра" зиёратига кетгани учун шундай қилди деган бўлса, яна кимдир онаси билан бўлган келишмовчилик сабаб бўлган деди. Ҳозирча бизга маълуми уч норасида ва уларнинг онаси ҳаётдан кўз юмган. Аслида бунга нима сабаб бўлганини эса вақт кўрсатади.
Ҳозирда мазкур иш бўйича Жиноят кодексининг 97- (Қасддан одам ўлдириш) ва 103-моддаси (Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) билан жиноят иши қўзғатилди.






