Ижтимоий тармоқларда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбари Афзал Эрматов шу йилнинг январида тергов органи томонидан сўроққа чақирилган ғақида хабарлар тарқалди.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг маълумотларга кўра, Агентлик бошлиғи А.Ирматовга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари бўйича айб эълон қилиниб, ҳибсга олинган.
Ҳозирда унинг хатти-ҳаракатлари юзасидан тергов ишлари олиб борилмоқда.
Хорижий нашрларда қайд этилишича, Миграция агентлиги мансабдорларига қарши очилган жиноят иши Давлат хавфсизлик хизмати томонидан қўзғатилган ва 3 январь куни агентлик биносида тинтув ўтказилган. Жиноят иши доирасида яна уч мулозим сўроққа чақирилган, уларнинг айримлари ҳибсга олинган.
Шу йилнинг бошида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Миграция агентлиги устидан назорат қилишга масъул бошқарма бошлиғи қамоққа олинган эди. У мигрантларга авиачипта устига нарх қўйиб сотиш орқали фирибгарлик қилганликда гумонланаётганди.






