Жорий йилнинг 27 январь куни соат 08:40 да 2020 йили туғилган вояга етмаган М.А ва унинг 2004 йилда туғилган акаси Б.Б. республика Шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг ҳудудий филиалига заҳарланиш ташхиси билан тушган. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси Прокуратураси хабар берди.
Маълум қилинишича, кўрсатилган шошилинч тиббий ёрдамга қарамасдан вояга етмаган М.А. шу куни шифохонада вафот этган, унинг акаси Б.Б. кўрсатилган тиббий муолажалардан кейин соғайиб, 30 январда уйига рухсат берилган.
Вояга етмаган Б.Б. касалхонада шифокорларга 25 январь куни озиқ-овқат дўконидан тез тайёрланадиган лапша сотиб олиб, укаси билан бирга истеъмол қилишганлигини маълум қилган.
Мазкур маълумотларнинг ҳаққонийлиги қонунда белгиланган тартибда текширилмасдан туриб, 28.01.2023 йилда ижтимоий тармоқларда Нукус шаҳрида “Болалар лапшадан заҳарланган” деган мазмунда нотўғри хабарлар тарқатилган.
Ваҳоланки, прокуратура органлари томонидан тегишли мутахассислар иштирокида ўтказилган текширишда озиқ-овқат дўконида сотувга қўйилган лапша маҳсулотлари мувофиқлик сертификатига эга бўлиб, улар таркибида токсик элементлар аниқланмаган.
Мазкур ҳолат бўйича 27 январда Нукус шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида заҳарланган фуқаролар хонадони кўздан кечирилганда, омборхонасида сақланаётган қопда ўткир ҳидли модда борлиги аниқланиб, ашёвий далил тариқасида олинган.
Суд-тиббиёт экспертизаси хулосасига кўра, М.А.нинг ўлими органофосфор бирикмаси (циперметрин) билан ўткир заҳарланиш ва нафас олиш етишмовчилигидан келиб чиққанлиги, қонида топилган циперметрин моддаси марҳумнинг уйидан ашёвий далил тариқасида олинган модда таркиби билан бир хил эканлиги аниқланган.
Вояга етмаган Б.Б.га нисбатан ўтказилган экспертиза хулосасида ҳам, у айнан циперметрин моддаси таъсирида заҳарланганлиги кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 29.04.2014 йилдаги 103-сонли бўйриғига кўра, циперметрин ўсимликларни зараркунандалардан ҳимоя қилиш воситаси сифатида фойдаланишга рухсат этилган.
Ҳолат юзасидан сўралган вояга етмаган Б.Б. ўз кўрсатмасида отаси Қ.Б.нинг кўрсатмасига асосан, 25 январь куни уйининг ички қисми ва атрофига кемирувчиларга қарши ўткир ҳидли моддани сепиб чиққанлигини баён қилган.
Терговга қадар текширув давомида хонадон эгаси Қ.Б. ўғли Б.Б.нинг кўрсатмаларини тасдиқлаб, ўғли сепганидан кейин қолган моддаларни қопи билан омборхонасига сақлаш учун қўйганлигини баён қилиб, ҳолат юзасидан ҳеч кимга эътирози йўқлигини билдирган.
Терговга қадар текширув натижасига кўра, 22.02.2023 йили жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилинган.
23.02.2023 23:10
Нукусда 2 яшар бола доридан заҳарланиб вафот этди






