Ижтимоий тармоқларда номаълум эркак киши ёш болани қўлидан ушлаб тортгани ва бола ундан қочиб кетгани акс этган видео тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлган эди.
Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси маълумот берди. Маълумот бўлишича, воқеа Тошкент шаҳар Яшнобод тумани Авиасозлар-2 даҳасидаги 151-сонли мактаб олдида содир бўлганини очиқлаганди.
Бугун, 21 февраль куни ушбу ҳаракатни содир этган эркакка нисбатан суд қарори ўқилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар суди матбуот котиби Садоқат Аллаберганова darakchi.uz'га маълум қилди.
1994 йилда туғилган айбланувчининг айтишича, у болани йиқилиб кетишдан асрамоқчи бўлган.
“Шошилиб кетаётган экан. Тўхта, шошма, йиқилиб тушасан, деган маънода тўхтатдим. Яхши бола экан. Салом ҳам берди. Қаерга кетяпсан десам, қиз ўртоғимникига деди. Кулгим қистаб, қолган саволни беришга улгурмасимдан, буёқдан аёл кишининг болани қўйвор деган овози келди. Кейин майли онасининг назоратида экан деб, қўйвордим”, деган у.
Суд ҳукмига кўра, эркак майда безорилик қилган деб топилди. Ушбу ҳаракатлари сабаб МЖтКнинг 183-моддаси билан эркакка 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.






