Хабарингиз бор, “Қамчиқ” довони ёпилганидан сўнг, кучли қор ёғиши сабабли, ушбу йўналишнинг бир нечта қисмларида ўз-ўзидан қор кўчиши кузатилди.
Республика идоралараро штабининг тезкорлик билан қабул қилинган довонни ёпиш тўғрисидаги қарори туфайли қор кўчкиси натижасида ҳеч ким зарар кўрмади. Шу вақт мобайнида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарлигида ихтисослаштирилган тузилмалар томонидан қор кўчкиларининг қайта кўчиш хавфини бартараф этиш бўйича ишлар олиб борилди.
Довон ёпилгандан сўнг оралиқ ҳудудда бўлган ҳайдовчилар ва йўловчиларга транспорт воситаларини хавфсиз жойга олиб боришда ёрдам берилди. Шу вақт ичида довоннинг бир нечта жойларида барча ҳоҳловчилар учун иситиш пунктлари ишлаб турди.
Шунингдек, аҳолига қулайлик яратиш ва уларнинг хавсизлигини таъминлаш мақсадида, водий вилоятларига боришни режалаштирган ўзбекистонликлар учун “Ангрен” ҳамда “Оҳангарон” вокзалларида «Оҳангарон-Ангрен-Поп» қўшимча темирйўл рейси амалга оширилди.
Жами 1493 нафар йўловчи вагонларга жойлаштирилиб, ўз манзилларига хавфсиз етиб олишлари таъминланган.
“Республика идоралараро штабининг қарори билан довоннинг ҳар икки томонида транспортни кутаётган одамлар учун бир нечта қўшимча икки томонлама темирйўл рейслари ташкил этилди.
Энг муҳими, қор кўчкиларини мажбуран тушуриш бўйича ишлар амалга оширилди. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг раҳбарлигида Мудофаа вазирлигининг кучлари ва воситалари ёрдамида 5 та қорли тоғ ёнбағирлари хавфсиз ҳолатга келтирилди. Қамчиқ довонида автотранспорт ҳаракати соат 21:00 да тикланди”, — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, қор кўчкиси хавфини бартараф этишда Фавқулодда вазиятлар вазири А. Х. Қўлдошев бошчилигида Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Мудофаа вазирлиги, “Ўзгидромет”, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, “Қамчиқавтойўл” ва бошқа тузилмалар вакиллари иштирок этди.
17.02.2023 07:11
⚡️"Қамчиқ" довони автотранспорт воситалари учун қайта очилди






