АсосийJamiyat

Бойсунда 3 нафар фуқаро ИИБ ходимлари томонидан калтаклангани ростми?

'Бойсунда 3 нафар фуқаро ИИБ ходимлари томонидан калтаклангани ростми?'ning rasmi

Ижтимоий тармоқда Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида 3 нафар фуқаро ИИБ ходимлари томонидан калтаклангани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси расмий муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, Шўрчи туманида яшовчи фуқаро Н.Алиқулова ижтимоий тармоқлар орқали акаси Ғ.А., опаси Д.А. ва қариндоши У.Х.ларни Бойсун туман ИИБ ходимлари уриб тан жароҳати етказгани ҳақида мурожаат эълон қилган. Бу бўйича туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилган.

Бойсун тумани ИИБ ходимлари фуқаро Қ.А.нинг сомонхонасида содир бўлган ёнғин юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича 2022 йил 28 ноябрда Ғ.А. ва У.х.ни туман ИИБга олиб келиб, суҳбат ўтказишган. Шундан сўнг уларга жавоб берилган.

Мазкур жиноят иши тергови 2022 йилнинг 12 декабрь куни ЖПК  364-моддаси 1-қисми, 1-банди (иш бўйича айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниши лозим бўлган шахс аниқланмаганлиги) асоси билан ҳаракатдан тўхтатилган.

Суд тиббиёт экспертизаси хулосаларида Ғ.А. ва У.Х.ларда тан жароҳати йўқлиги кўрсатилган.

Фуқаро Д.А. 2022 йил 29 ноябрь куни Бойсун тумани ИИБга келган ва  Навбатчилик қисм тезкор навбатчиси билан ўзаро тортишиб қолган. Ушбу тортишув жараёни туман ИИБга ўрнатилган кузатув камерасига тўлиқ ёзиб олинган. Аниқланишича, уни бирор-бир шахс уриб тан жароҳати етказмаган.

Бирор-бир шахснинг ҳаракатларида жиноят аломатлари аниқланмаганлиги сабабли 2022 йилнинг 30 декабрь куни ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган.

    Бошқа янгиликлар