Хабарингиз бор, Туркия ва Суриядаги даҳшатли зилзила "Аср фалокати" деб аталди. Биргина Туркиянинг ўзида сўнгги маълумотларга кўра зилзила қурбонлари сони 31,6 минг кишидан ошди.
Фалокат фонида турли фейк хабарларлар тарқалди. Туркия Республикаси Президенти Коммуникациялар раҳбари Фаҳреттин Алтун янги баёнотини эълон қилди.
Маълум бўлишича, катта офатдан сўнг дарҳол зилзила қурбонларининг ҳаётини хавф остига қўйган жиддий дезинформациялар тарқалди. Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги Коммуникациялар бошқармаси фуқароларни дезинформациядан ҳимоя қилиш мақсадида “Дезинформация ҳақида хабар бериш хизмати”ни фаоллаштирилган.
Электрон ҳукумат ва мобил иловалар орқали Дезинформация ҳақида хабар бериш хизмати (ДБС)га келиб тушган ёлғон маълумотлар ва янгиликлар сони ҳозирда тахминан 6200 тага етди.
"Фуқароларимиз Дезинформация ҳақида хабар бериш хизмати (ДБС)га ёлғон маълумот берган бўлсада, кўпинча хабарнинг тўғрисини ҳам етказишган",– деди Фаҳреттин Алтун.
Дезинформация хизматига хабар қилинган ва мутахассислар томонидан аниқланган кўплаб ёлғон янгиликлар кундалик дезинформация бюллетени ҳамда @iletisim ва @dmmiletisim ижтимоий тармоқлардаги аккаунтлар орқали жамоатчиликка етказилади.
"Халқ сифатида катта офатни бошдан кечираётган мана шундай оғир кунларда, афсуски, дезинформация қанчалик инсон ҳаётини хавф остига қўювчи унсур эканлигини яна бир бор гувоҳи бўлдик. Ҳақиқатни очиб беришга интилаётган барча эҳтиёткор ва масъулиятли фуқароларимизга чин дилдан миннатдорчилик билдираман",–дейилади баёнотда.






