АсосийJamiyat

Ўзбекистонда аномал совуқ кунлари барча ходимларнинг онлайн ишлашига рухсат бериш таклиф қилинди

'Ўзбекистонда аномал совуқ кунлари барча ходимларнинг онлайн ишлашига рухсат бериш таклиф қилинди'ning rasmi

Аввал хабар берганимиздек, "Ўзгидромет" келаётган ҳафтада Ўзбекистонда -27 даражагача совуқ об-ҳаво кузатилишини башорат қилди. Ушбу хабар ортидан “Юксалиш” ҳаракати ҳам ўз таклифларини билдирди.

Ҳаркатга кўра, барча иш берувчилар — ҳам давлат, ҳам хусусий сектор иш жараёнларини ташкил этишни чуқурроқ кўриб чиқишлари керак. Меҳнат шароитлари билан танишиб чиқиб, ходимларни қулай ҳарорат режими билан таъминлаш зарур.  Агар ходимларнинг иш жойида бўлишига эҳтиёж бўлмаса, улар онлайн ишлашига рухсат берилиши керак. 

“Юксалиш” ҳаракати онлайн форматда ҳам берилган вазифаларни самарали бажариш мумкинлиги пандемияда исботланганини келтиради. Қолаверса, бу йўлларни тирбанд қилмасдан, қор ва музлардан тозалаб олинишига шароит яратади.

Таъкидланишича, “Юксалиш” ҳаракати жамоаси 9—15 январ кунлари масофадан ишлашга ўтмоқда. Марказий идора жойлашган бинонинг иситиш тизимидаги қийинчиликлар сабабли шундай қарорга келинган. Ҳудудий бўлинмалар ҳам онлайн форматга ўтмоқда.

Шунингдек, иш соатларини, айниқса, очиқ ҳавода ишлайдиганлар учун қисқартириш ҳам мақсадга мувофиқ. Имкон қадар ходимлар учун иссиқ ичимликлар ташкил қилиш, совуққотиш ҳолатларининг олдини олиш учун танаффус бериш ёки ўрин алмаштириш ҳам фойдадан холи эмаслиги қайд этилмоқда.

Бундан ташқари, йирик савдо ва аҳолига хизмат кўрсатиш марказларида иссиқ чой беришни ташкил қилиш, жамоат транспортининг узлуксиз ҳаракатланишини таъминлаш зарурлиги таъкидланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, об-ҳаво ҳароратининг кескин тушиб кетиши сабабли барча бўғиндаги таълим муассасаларида қишки таътил кунлари узайтирилди. Шу муносабат билан фарзанди МТТга бораётган бюджет ташкилотида ишлайдиган аёлларнинг иш ҳаққи камайтирилмаган ҳолда иш вақтини қисқартириш белгиланди.Ушбу хабарга муносабат билдирган Олий мажлис Қонунчилик палатаси депутати Алишер Қодиров  аёлларнинг иш вақтини қисқартириш таклифини илгари сурди. 

    Бошқа янгиликлар